МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ. ҲАМЗАТОВ РАСУЛ
Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ - ҲАМЗАТОВ РАСУЛ страница 39

Название: МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ

Автор: ҲАМЗАТОВ РАСУЛ

Издательство: Yangi asr avlodi

Жанр:

Серия:

isbn:

isbn:

СКАЧАТЬ қўлига қалам тутқазишган.

      Доғистоннинг мард ўғлонлари қони тўкилган, хоки қўшилиб кетган қадимий жанггоҳлардан ўтдим. Жамоа хўжаликларидаги буғдой ва бошқа дон сепилган майдонлар мендан асло ранжиманг. Ахир, мен Доғистоннинг ҳозирги куни ҳақида ёзганимда ўтмишини сира ранжитган эмасман.

      Мен узоқ давлатлардан қайтганимда тоғликлар қуршаб олишиб, кўрган-кечирганларим тўғрисида сўрашади. Улар атрофимда давра қуришиб, сўзларимни диққат билан тинглашади. Франциями, Ҳиндистонми, Япониями, Туркиями, бошқа давлатми, улар ҳақидаги хотираларимни уч соатча сўзларман, кейин ўз-ўзидан Доғистон тўғрисида гапира бошлайман. Мен Доғистон ҳақида сўзлайман, тоғликлар бу ҳақда биринчи марта эшитаётгандек қулоқ солишади. Ҳолбуки, уларнинг ўзлари мен сўзлаётган Доғистон!

      Маҳмуд буюк шоиримиз эди. Шеъриятининг бош мавзуси Марямга бўлган бахтсиз муҳаббатидир. Қадрдон дўсти ўғил кўрганда Маҳмуддан алла ёзиб беришини сўради. Маҳмуд алла ёзишга уриниб кўрди. Афсуски, Маҳмуднинг алласини тинглаган чақалоқ ухлаш ўрнига баттарроқ йиғлади. Бошқа дўсти хотини вафот этганда, Маҳмуддан марсия ёзиб беришини сўради. Маҳмуд марсия ёзишга уриниб кўрди. Афсуски, Маҳмуднинг марсиясини тинглаган одамлар кўзларига ёш олишмади, баъзи бировлари жилмайиб қўйишди.

      Аммо одамлар Маҳмуднинг Марямга бўлган бахтсиз муҳаббатига бағишланган қўшиқларини тинглашганда ҳамон кўзларига ёш олишади. Ҳа, Марям Маҳмуднинг бош мавзуси эди. Менинг бош мавзуим эса Доғистондир. Менинг муҳаббатим чексиз ёки арзимасдир, мен билган ҳақиқат теран ёки соддадир, туйғуларим кўҳна ёки замонавийдир, аммо мен бари бир сен ҳақингда ёзаман, Доғистон! Мен сен ҳақингда ёзиш учун қалам олсам ҳамон ҳаяжонланганимдан қўлим қалтирайди.

      ОТАМ АЙТАРДИ: Агар полиз йўл устида бўлса, ўтаётган йўловчи пишмаган тарвузни ҳам ёриб кўради.

      ДЕЙДИЛАР: Кўтаришга кўзинг етмайдиган тошни кўтаришга уринма, сузиб қайта олмайдиган жойгача сузиб борма.

      ДЕЙДИЛАР: Агар сув тўпиғингдан келса, шимингнинг почасини тиззанггача кўтарма.

      Ж А Н Р

      Доно ҳикмат айтиб, тентак

      эса бақириб ҳайрон қолдиради.

      Баҳор келса – қўшиқ куйла,

      Қиш келса – эртак сўйла.

      Мана мен тоғ қаршисидаман, ундан ошиб ўтишга чоғланаяпман. Учқур тулпорим тоғнинг исталган сўқмоғидан олиб ўтишга қодир. Тоғ – менинг мавзуим, тулпор – менинг воситам, таъбир жоиз бўлса ифода тилим.

      Мен тоғликман, аждодларим ҳар доим тўғри сўқмоқни танлашган. У тик, хавфли, аммо энг қисқа сўқмоқ бўлган… Бу сўқмоқдан ўтаётиб ҳалокатга учраш ҳам мумкин, бироқ мақсад манзилига тезроқ етказган.

      Ёки мен қалъа қаршисидаман, уни забт этишга чоғланаяпман. Жанг пайтида панд бермаган ажойиб қуролим ҳам бор. Қалъа – менинг мавзуим, қурол – менинг воситам, таъбир жоиз бўлса ифода тилим. Энди метин қалъани талафотсиз эгаллаш йўлини танлашим лозим: ё қўққисдан ҳужумга ўтишим, ёки қамал қилиб пайт пойлашим СКАЧАТЬ