Китоб савдо расталарига чиқиб улгурмасдан битта танқидчининг шу китоб ҳақидаги мақоласи эълон қилинди. Жумладан, у шундай ёзганди: «Бизга Гоголлар, Шедринлар керак деган чуқур мазмунли шиоримизни муаллиф жуда жўн ва ўзига мослаб тушунибди. Кўриб турибмизки, бизнинг орамизда шундай пасткаш ва қора юракли кимса яшаётган экан.
Билмадим, китобига киритган шунча салбий хислатли кишиларни у қаердан олди экан? Наҳотки, шундай одамлар бизнинг мамлакатимизда бўлса? Ахир, у ёзган салбий хислатли одамларнинг мамлакатимизда бўлишининг ўзи мумкин эмас. Бундай салбий хислатли кишилар қора юракли муаллифнинг бемаъни хаёллари маҳсули, холос. Туҳмат-уйдирмаларга тўла бу китоб фақат душманларимизнинг тегирмонига сув қуяди».
Жаҳли чиқиб кетган катта амалдор Мухторбеков столни муштлади:
– Қани айт, ялқов, беҳафсала, бунинг устига пиёниста бригадирни сен қаерда кўргансан?
– Ўзимизнинг овулда кўрганман, – дея секингина жавоб қайтарди муаллиф.
– Бу туҳмат. Мен яхши биламан, овулимиздаги хўжалик илғор жамоа хўжалиги. Илғор жамоа хўжалигида эса, сен ёзган бригадирнинг бўлиши мумкин эмас.
Гапнинг қисқаси, барча калтак ҳажвчининг бошида синди. Худди Польша журналида чоп этилган карикатурага ўхшаш ҳол юз берди. Унда шундай тасвир бор эди: Уйнинг биринчи қавати балконидаги одам тўртинчи қават балконида турган одамга ғишт отаяпти. Лекин отган ғиштлари тўртинчи қаватга етмай ўзининг бошига қайтиб тушаяпти. Тўртинчи қаватда турган ўша одам биринчи қават балконида турган одамга хотиржам ғишт отаяпти. Карикатура таг сўзи шундай: «Тепадан ва пастдан қилинган танқид».
Кимдир омадсиз ҳажвчига энг тўғри йўл айбингга иқрор бўлиш деб айтибди ва тайинлабди: Бир марта эмас, тўғри келган жойда айбингга иқрор бўлавер – газетадами, журналдами, мажлисдами, қанча кўп айбингга иқрор бўлсанг шунча яхши. Шундан кейин ҳажвий китобнинг муаллифи тавба қилишга тушиб кетди. Лекин бу камлик қилар экан. Катта амалдор Мухторбеков деди.
– Туҳмат тўла шеърларни ёзганингдан кейин сенинг ҳеч бир гапингга ишонмаймиз. Сен амалий ишинг билан, қаламингнинг кучи билан бизга батамом тузалганингни исботлашинг керак.
Танишимга бари бир эди: танқид қилиш керакми, танқид қиламан; тузалиш керакми, тузаламан. У ижод столига ўтириб «Меҳнатсевар Маржона» достонини ёзди. Достоннинг қаҳрамони илғор ва фаол қиз, бирпасда жамоа хўжалигини илғорлар сафига қўшади, барча режа-мажбуриятларини ошириб бажаради, бу билан қаноатланмасдан бадиий ҳаваскорлар танловида қатнашиб, ўзи тўқиган шеърни куйлаб биринчи ўринни олади. Достон журналда нашр этилди, алоҳида китоб ҳолида чоп қилинди. Бу вақтда замон ўзгарганди. Ҳажвчини туҳматчи, қора юрак деб ёзган танқидчилар энди ўз мақолаларида уни хаспўшловчи деб аташди. Катта амалдор Мухторбеков яна столни муштлади:
– Бизга айт, камчилиги бўлмаган жамоа хўжалигини қаерда кўргансан?
СКАЧАТЬ