Отам шеърият ҳақида суҳбатлашишни ёқтирмасди. Менимча, у шеър ёзишни жиддий иш ҳисобламасди. У томорқадаги ерни ағдаришга, уй-жойни тузатишга, мол-ҳолга қарашга, томдаги қорни курашга, чақиришган пайт овул ва туманга боғлиқ ишларни бажаришга жиддий ёндошарди.
Отам шеърни ёзиб бўлгач, унинг қаерда чоп этилишига қизиқмасди. Марказий газетами ёки овулдаги деворий газетами, унга бари бир эди. Ҳатто шеърларини деворий газетада чиқаришса кўпроқ қувонарди.
У Анасил Муҳаммаднинг севги куйчиси сифатида танилган ўғли Маҳмудга айтган гапини тез-тез такрорлаб турарди. Айтишларича, ёр ҳажрида саргардон кезиб қийналган, ҳижрон қўшиқларини ёзиб эзилган афтодаҳол Маҳмуд уйга келиб ейиш учун бирон нарса сўраган, отаси эса хотиржам жавоб қайтарган:
– Шеърларингни егин, севгини куйла. Мен сенинг ўрнингга томорқада ишлашдан чарчадим.
Албатта, қушлар сайраб туришлари керак, лекин уларнинг асосий вазифаси уя қуриш, овқат топиш, палапонларини боқишдир.
Гўё отам ўз шеърларига қушларнинг сайрашига қарагандай қарарди. Сайроқи қушнинг овози ёқимли, жарангдор, лекин бу жуда муҳим нарса эмас. Отам учун шеър эрталаб учрашганда айтиладиган «Ассалому алайкум», ухлашдан олдин айтиладиган «Хайрли кеч» сўзларидай, байрамларда билдириладиган табриклардай, бошга мусибат тушганда кўнгил сўрашдай одатий ҳолат эди. Ҳар бир шоир ўзига хос феъл-атворга эга, деган гап бор. Отам феъл-атворига кўра тоғлик эди. У тоғликларга ўхшаб давраларда шошилмай суҳбат қурарди, даврадошлари айтиб бераётган воқеаларни, ҳикоятларни бўлмасдан охиригача тингларди. Бари бир яна гап айланиб насрга келди.
Отам ўзининг ёзган дастлабки шеърларини машҳур шоир Маҳмудга кўрсатибди. Шеърларни ўқиб, ажабланиб, шоир шундай деган экан:
– Тушунмадим, сира тушуна олмасам керак, қандай қилиб сигирлар, тракторлар, кучуклар, Хунзах овулидаги сўқмоқлар ҳақида шеър ёзиш мумкин?
– Унда нима ҳақида шеър ёзай, – деб сўрабди отам.
– Севги ҳақда, фақат севги ҳақда ёз. Севги қасрини қуришимиз керак.
МАҲМУДНИНГ ШЕЪРИ:
Замин узра севги қасрин айладим бунёд,
Фақатгина унга ўзим сиғмадим, ҳайҳот.
Ёр кўнглига йўл топай деб кўприклар солдим,
Улар бир-бир қулаб тушди, қолдим бенажот.
Отам севги қасри қурмади, бундай бунёдкорлик ҳақида ўйлаб ҳам кўрмади. Унинг ўй-хаёлида уй, оила, болалар, овул, от, мамлакат, дунё, замин, осмон, Қуёш, ёмғир, майса бўлди ва улар шеърий мисраларга айланиб қоғозга кўчди.
Тўғри, у бир гал севги ҳақда, ёр ҳақда шеър ёзганди. Бироқ бу шеърни ҳеч ким ўқий олмаслиги учун араб тилида қоғозга туширганди. Чунки бу шеър ёлғиз ўзига ва ёрига бағишланганди.
Ҳа, отам шошилмасдан ҳикоятлар сўзлашни ёқтирарди. Эсимда, кечки салқин тушган пайтлари тиззасига мени ўтқазиб, пўстини билан ўрарди ва ҳикоясини бошларди. У узоқларга кетиб қолган одамлар ва шу СКАЧАТЬ