Биз кавказликлар туғилган юртимиздан Москвага қайтар эканмиз, қўлбола тайёрланган виномиздан оламиз. Дўстларни чақирамиз, бочкача очилади ва зиёфат бошланади. Бочкачадаги вино узоқ сақланган, тоза узумдан тайёрланган, сифатли. Винодан ичган дўстлар мақташади, бу ҳақда ўзларининг дўстларига сўзлаб беришади. Яхши винодан татиб кўришга эса, иштиёқмандлар кўп. Маълумки, ҳар қандай бочкачанинг туби бор. Шундай кезда уялиб қолмаслик учун гуноҳга ботишимизни билсак ҳам буфетдаги шишали винолардан сотиб олиб, бочкачани тўлатамиз. Кейин ҳақиқий қўлбола вино, ўзимизнинг боғдаги узумдан тайёрланган, деб мақтаймиз. Бизнинг айбимизни ошкор қиладиган вино шинавандалари бўлмайди. Фақат битта меҳмон винони ичиб кўргач, менга қараган ва бошини чайқаган. Бошқалари қанча кўп вино ичса, шунча маст бўлган. Қанча маст бўлса, винони шунча кўп мақтаган.
Менинг кейинги шеърим чекига ҳам шундай савдо тушди. Шеърни тушунадиган зукко ўқувчилар бошини чайқаб дейишди:
– Акаси бу иш бўйича Далағолов келиб кетганди.
Яна улар дейишди:
– Битта овулга битта тентак етади.
Шунда тушундимки, мен ҳам кекса ёғоч ўймакори қилган ишни қилибман. Яхшиси, мен бу уч воқеани тартиб билан ҳикоя қилиб берай.
Болалигимда бизнинг овулга ҳар куни газета ва хатлар солинган сумкани орқалаб почтачи Қурбонали келарди. У Эбут овулидан бўлиб, жуда ҳазилкаш эди. Почтани эгаларига тарқатиб бўлгач, у албатта отамнинг олдига тамаки чекиш ва суҳбатлашиш учун келарди. Билмадим, нима учун у суҳбатдош сифатида айнан отамни танларди. Чунки суҳбат мавзуси доим бир хил – уйланиш тўғрисида бўларди. Тўғрироғи, янгисига уйланиш ҳақида. Негаки, у ҳафта сайин уйланадиган, ой ўтмасдан ажрашадиганлар тоифасига кирарди.
Эсимда, эндигина ажрашган ва янги бева излаётган вақти эди. Гўё бир умр излаётган аёлини энди топганди. Чунки ҳар куни суҳбат давомида унинг гўзаллигини, ҳали ёш эканлигини, хушмуомалалигини мақтарди.
Бирдан ёш аёл ҳақидаги суҳбатлар тўхтади. Қурбонали ҳамон уйимизга келар об-ҳаво ҳақида, хўжалик ишлари тўғрисида гапирарди, ўртага жимлик чўкканда тўғри келган мавзуда сўзларди, лекин ёш аёл борасида миқ этмасди.
– Сен ўйлаб юрган ёш аёлингга уйландинг, шекилли, – деб сўради бир куни отам.
– Нималар деяпсан, Ҳамзат. Мен шундай ўйлаб юрган эканман, аёл эса умуман бошқача ўйлаган экан. Энди мен ёш бева топаман деб, бутун Доғистонни айланиб чиқсам керак.
Шундан кейин Қурбонали узоқ вақт кўринмади. Овулма-овул юриб ўзига ёш бева излагани кетди, шекилли. Бу вақтда почтани ўғли тарқатди. Ниҳоят, иши юришмайдиган ҳамиша бўйдоқ ёнимизга келди. Биз ундан ҳол-аҳвол сўрадик:
– Ишларинг қалай? Йўлинг равон, манзилинг яқин бўлдими?
– Эҳтимол йўлим равон бўларди, аммо ҳамма ёқни Далағолов дегани расво қилишга улгурибди.
– Қандай қилиб?
– Жуда оддий мен қаёққа бориб дардимни айтмай, жавоб бир хил СКАЧАТЬ