Айримлар ўйлайдики, катта мавзуларга қўл урсам бас, дарҳол буюк бўламан. Аммо буюкликнинг замини оддийликда. Ахир, бир томчи ёмғирда сел мудрайди. Буюк ва ҳақир одамлар ўртасида қандай фарқ бор? Ҳақирлар катта нарсаларни, улкан воқеаларни кўради, бурнининг остидаги нарсаларни пайқашмайди. Буюклар катта-кичик нарсаларни бирдай кўра олади, ўзгаларга қатрада Қуёш акс этишини тушунтириши мумкин.
ЭСДАЛИКДАН: Баъзан шундай бўлади, истеъдодли ёзувчиларнинг иши юришмай ғамгин кезади, истеъдодсиз, олғир қаламкашларга омад кулганидан босар-тусарини билмай қолади. Нега бундай бўлади, қачон шундай ҳол юз беради? Демакки, китобнинг бадиийлигига, қандай маҳорат билан ёзилганига эътибор берилмаган, аксинча, бошқа муаллифнинг ёзганларидаги хайрли ниятлари ҳаддан зиёд баҳолаб юборилган. Бундай ҳолларда ўргатувчилар ўрганувчилардан, товарлар харидорлардан, вайсақилар ёзувчилардан кўпроқ бўлади.
Айнан шундай олатасир замонда отам Шомил ҳақида катта достон ёзди. Достон энди чоп этилай деб турганда Шомилнинг Англия ва Туркия жосуси бўлгани тўғрисида гап чиқиб қолди. Бундан шундай хулоса чиқарилди: Шомил йигирма беш йил Доғистон халқлари озодлиги учун эмас, уларни чалғитиш учун жанг қилган.
Дарҳол отамнинг қаҳрамонлик достони устидан ҳукм ўқилди. Отамга шундай фаровон даврда қадим тарихни ковлаштирмасдан, ўқувчиларга манзур бўладиган замонавий мавзуларда асарлар ёзиш кераклиги тўғрисида маслаҳат беришди.
Ўша вақтда уйимизга отамнинг қувноқ дўсти Абутолиб тез-тез келиб турди. Ҳар гал у ўзи билан сурнай ва найини олиб келарди.
– Ҳамзат, кўпам ҳафа бўлаверма, – деди жойлашиб ўтирар экан Абутолиб ва сурнайини чалиб кўрди. – Ҳали шеър ёзмаган болалик давримда мен сурнай чалардим. Шу сурнайимни чалиб неча йил рўзғоримни тебратдим. Сурнайда сўралган мусиқани чалиш мумкин. Кел, шеъриятни бир лаҳза унутиб, ёшлигимизни эсга олиб мусиқа чалайлик. Мен сурнай чаламан, сен чилдирма чал, енгил тортасан.
– Нималар деяпсан, Абутолиб?! Агар биз чилдирмачилик ёки сурнайчилик қилсак бунинг сира уят жойи йўқ. Чунки сурнайчининг чалган куйига раққос ёки дорбоз ўйнайди. Сурнайчи ерда куй чалади, дорбоз дорда ўйин кўрсатади. Айт-чи, Абутолиб қайси бирига қийинроқ? Фақат ўша дорбоз – биз иккимиз. Улар мусиқа чалишиб, бизни раққос ёки дорбозга айлантиришмоқчи.
Қувноқ Абутолибни ғам босди, унга ҳамдард бўлиб сурнайи ғамгин нола таратди. У узоқ вақт индамасдан сурнай чалди, кейин бошини кўтариб деди:
– Шеър ёзиш – қийин иш экан!
Пастдай кўринади азим чўққи ҳам,
Мисоли чўзилсанг етади қўлинг.
Аммо тикка сўқмоқ бўйлаб юрган дам,
Қанча кўтарилма тугамас СКАЧАТЬ