МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ. ҲАМЗАТОВ РАСУЛ
Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ - ҲАМЗАТОВ РАСУЛ страница 34

Название: МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ

Автор: ҲАМЗАТОВ РАСУЛ

Издательство: Yangi asr avlodi

Жанр:

Серия:

isbn:

isbn:

СКАЧАТЬ қабрга киргунингча тинч қўймайди. Отам ҳақ гапни айтган экан.

      Тоғликлар болани ушлашар маҳкам,

      Ҳар қадамда койир, туришар тергаб.

      Мен ҳам гоҳо шўхлик, ё хато қилсам,

      Отам қулоғимни қўярди бураб.

      Отамсиз ҳаётда қолмайин доғда,

      Қулоғимни буранг, турингиз тергаб.

      Худди дутор тори бўшаган чоғда,

      Унинг қулоғини қўйгандай бураб.

      Вақт! Кунлардан йиллар, йиллардан асрлар пайдо бўлади. Аммо давр нима? У асрлардан пайдо бўладими? Ёки йиллардан? Ёки бир куннинг ўзи давр бўлиши мумкинми? Дарахт беш ой ям-яшил бўлиб туради, лекин бир кун ёки бир тунда барча барглари сарғаяди. Ёки аксинча, дарахт беш ой яланғоч, қорамтир ҳолатда туради. Бир кун иссиқ бўлса бас, ям-яшил тусга киради. Битта оппоқ тонг кифоя, оппоқ гулга ўранади.

      Шундай дарахтлар бор, ойларга қараб ранги ўзгариб туради. Шундай дарахтлар бор ранги ҳеч қачон ўзгармайди.

      Шундай қушлар бор, фасллар ўзгаришига қараб Ер шари бўйлаб кўчиб юради. Бургутлар эса ўз тоғини ҳеч қачон ташлаб кетмайди.

      Қушлар шамолга қарши учишни яхши кўришади. Яхши балиқлар оқимга қарши сузишади. Ҳақиқий шоир эса, юрак амрига кўра «дунёнинг мавжуд фикри»га қарши исён кўтаради.

      ЁН ДАФТАРЧАДАН: Менинг дўстим авар шоири. Яқинда янги шеърлар китоби чиқди. У шеърларини шаҳардаги уйи хоналарига ўхшаб бўлимларга ажратибди. Мана сиёсий, яъни гражданлик руҳидаги шеърлари – ижодхонаси, севги, ҳиссиётга доир шеърлари – ётоқхонаси, ҳар хил мавзудаги умумий шеърлари – меҳмонхонаси, қишлоқ хўжалиги, нон, чўпонлар ҳақидаги шеърлари – билмайман уларни қандай номласам экан? Эҳтимол, ошхона дейиш маъқулдир.

      Мен Маҳачқалъага тоғдан келган доғистонлик бахшининг гапи тўғри деб ўйлайман. Бизнинг шоиримиз ундан ҳар бир бўлимдан биттадан шеърни қўшиқ қилишни сўраган. Бахши қўбизини созлаган, бир неча дақиқа ўйланган ва қўшиқ бошлаган. У узоқ куйлаган. Тингловчилар хавотирга тушишган: агар у бир бўлимни шунча узоқ куйласа, тўрт бўлимни қачон куйлаб тугатади? Аммо бахши сози торларига қўлини қўйиб, қўшиқ айтишни тўхтатган, куйлашни давом эттирмаган. Маълум бўлишича, бахши шу битта қўшиққа шоирнинг асосий туйғуларини, асосий фикрлари берилган мисраларни тўплаган. Шоир ундан нега бундай қилганини сўрабди.

      – Дўстим, – дея жавоб қайтарибди бахши, – мана менинг қўбизим, унинг учта тори бор. Мен олдин биринчисини, кейин иккинчисини, сўнгра учинчисини чала олмайман.

      ЯНА МАВЗУ ҲАҚИДА. Эҳтимол, ҳамма билар, шундай тоғлик бор эди, доим янги этиги ифлос бўлиб қолишидан қўрқарди. Шу боис айрим жойларда этигини ечиб қўлига оларди ва пайпоқда юрарди. У бир куни тизза бўйи балчиққа дуч келган. Бечора этигини ифлос қилмаслик учун боши билан балчиқда турган.

      ШУНДАЙ ҲАМ БЎЛАДИ, шоирлар айрим ҳолатларда санъат асари яратаётган рассомга эмас, дам олиш кунлари ўтказиладиган пойгаларда қатнашадиган чавандозларга ўхшайди. Отининг бўйнини беш дақиқа мукофот шойиси безаши учун отнинг сағринига аёвсиз қамчи тортишдан тойишмайди. Отнинг бўйнига ташланган шойи рўмол ўша кун олинади, лекин сағринига етказилган жароҳат узоқ вақт битмайди. Улар Телетли овулидаги Алибўлатга ҳам ўхшайди. Айтгандай, сиз Алибўлат билан бўлган СКАЧАТЬ