КИТОБИМНИНГ ШАКЛ-ШАМОЙИЛИ.
УНИ ҚАНДАЙ ЁЗИШИМ КЕРАК?
Қинда тураверса ханжар занглайди,
Уйда ётаверса йигит понглайди.
Ханжардаги ёзувлар.
Игнадан ип ўтказдим,
Тикай қандай сўзана?
Созимни заб созладим,
Чалай қандай тарона?
Гижинглаб турган вафодор отимни яхшилаб тақалатдим. Ўзим отимнинг оёғини кўтариб турдим, тақа мустаҳкам қоқилганини текшириб кўрдим. Отни эгарладим, айилини маҳкам тортдим, орасидан ҳатто бармоқ ўтмайди. Ҳа, отни ҳафсала билан эгарладим.
Отамга ўхшаш нуроний менга далда берди, дуо қилди. Кўзлари чақнаб турган қизча қамчи узатди. Қўшни уйдаги тоғлик келин атайин сув тўла кўзаси билан қаршимдан чиқди. Овул бўйлаб отимни етаклаб кетаётган вақтимда кимни учратсам менга йўл берди ва деди: Оқ йўл!
Овул чеккасидаги уйда яшовчи тоғлик аёл токчага ёниб турган чироқни қўйиб оҳиста деди:
– Бу деразани унутма, ундан таралаётган нурни унутма. Сен қайтиб келмагунча бу чироқ ўчмайди. Узоқ йўлларда, қоронғи тунларда шу чироқ сенинг манзилингни ёритиб туради. Машаққатли сафардан туғилган овулингга қайтиб келаётган вақтингда сенга шу чироқ нурлари биринчи бўлиб кўринади. Сафарда шу деразани ва ундаги нурни ёдингда тут.
Мен туғилган овулимга яна бир бор тўйиб қараш учун ортимга қайрилдим. Уйимиз томида онам турганини кўрдим. У ёлғиз турарди. Овулдан узоқлашганим сайин онам тобора кичрайиб бораверди. Ниҳоят, муюлишда бурилдим, овулимизни тоғ тўсди. Энди атрофга қарамай тоғдан бошқа нарсани кўрмадим.
Олдимда ҳам тоғлар. Биламанки, шу тоғлар ортида кенг дунё бор. Ҳа, олдда мени бошқа овуллар, катта шаҳарлар, улардаги вокзаллар, аэродромлар ва китоблар кутаяпти.
Отимнинг тақаси жонажон Доғистонимнинг тошли сўқмоқларида тақиллайди. Бошим узра мовий осмон, ён-атрофда тоғларнинг оппоқ чўққилари салобат тўккан. Осмондан гоҳ Ой-юлдузлар, гоҳ Қуёш нурлари таралади, гоҳ уни булутлар қоплаб ёмғир қуяди.
Чопма, отим, чопмагин, отим,
Қарамадим ҳали ортимга.
Шунда кечди ширин ҳаётим,
Тўйиб қараб олай юртимга
Чопгин, отим, чопақол, отим,
Йўлга чиққан манзилни кўзлар.
Бошланяпти янги ҳаётим,
Чорлар мени ўзга юрт-дўстлар.
Қаёққа кетаяпман? Мўлжални қайси томонга олайин? Янги китобимни қандай ёзсам экан?
ЁН ДАФТАРЧАДАН: Доғистонда ҳам ҳозирги ёшлар миллий кийим кийишмайди. Худди Москва, Тошкент, Тбилиси, Душанбе шаҳарларидаги ёшлар каби кўйлакларига мос галстук тақишади, шим, костюм ёки пиджак кийишади.
Миллий кийимларни фақат қўшиқ ва рақс ансамбли артистлари кийишади. Тўйларда ҳам миллий кийим кийган кишиларни учратиш мушкул. Агар кимгадир миллий кийим кийиш зарурати туғилса, бундай кийимни дўстларидан ёки танишларидан ижарага олиб туради. СКАЧАТЬ