АБУ АЛИ ИБН СИНО Биринчи китоб. РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ
Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу АБУ АЛИ ИБН СИНО Биринчи китоб - РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ страница 11

Название: АБУ АЛИ ИБН СИНО Биринчи китоб

Автор: РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ

Издательство: Yangi asr avlodi

Жанр:

Серия:

isbn:

isbn:

СКАЧАТЬ Эри билан келишиб олди-ю, йўл ҳаракатига тушди. Икки-уч кунда зардўзлик буюртмаларини шошилинч якунлади. Оилада сафар тадориги кўрила бошланди. Бу пайтда Маҳмуд беш ёшга тўлганди. Афшона хабари ҳаммадан кўп уни қувонтирди. Кўкламда Амрилло бобоси билан Суйимхон момосининг олдиларида анча пайт бўлиб, уларга ўрганиб қолганди. Устози ўтадиган машғулотлар ҳамда мустақил китоб ўқимоқдан бўшамайдиган Ҳусайн ҳам қишлоқни соғинганди.

      Афшонага тонг саҳарда, от аробада йўлга чиқишди. Қўш отли аробага қават-қават кўрпачалар солинган бўлса ҳам йўл азоби анчагина чақиб юборди. Шомда қишлоққа етиб келишганда ҳаммалари ҳолдан тойган эдилар. От кишнаганини эшитиб, Амрилло бобо билан Суйимхон момо югургудек бўлиб дарвозадан чиқиб келишди. Уларни кўриб, Маҳмуд қийқириб юборди. Бобоси билан момосига талпиниб, аробадан туша олмасдан типирчиларди. Севимли набирасини анчагина кексайиб қолган Амрилло бобонинг ўзи кўтариб олди. Ситорабону чор аробадан13 туша солиб онасининг қучоғига отилди. Суйимхон момонинг севинчи оламга сиғмасди. Минг айланиб, ўргилиб қизи, невараларини ўпиб, алқай кетди. Қўш отнинг юганларини ушлаб турган Абдуллоҳ жилмайиб уларни кузатарди. Маҳмудни кўтариб олган Амрилло бобо куёвининг олдига келди.

      – Ассалому алайкум, ота, – деди Абдуллоҳ қўлини кўксига қўйиб.

      – Ваалайкум ассалом, ўғлим.

      Амрилло бобо куёви билан қучоқ очиб кўришди Бўйнига осилиб олган Маҳмудни ерга қўйиб, отнинг юганларига қўлини узатди.

      –  Баҳузур, ота, мен ўзим.

      Абдуллоҳ бобосига осилаётган Маҳмудга қаради:

      – Ўғлим, катта йигит бўлиб қолдинг. Энди бобонг кўтарсалар уят бўлур.

      – Ҳали қувватим бор, ўғлим, – Амрилло бобо Маҳмуднинг бошини силади. – Набираларим бағримга келсалар ёшариб кетурмен.

      Бу ҳаяжонли учрашувни бир четда кузатаётган Олавойга ҳеч ким эътибор бермади. Ит ўзининг шу ердалигини билдириб қўймоқчидек чўзиб-чўзиб акиллади. Ҳамма ўша томонга қаради.

      – Олавойимиз ҳам набираларимни соғинган, – кулди Амрилло бобо.

      Аввал момоси, кейин бобоси билан кўришган Ҳусайн Олавой томонга юрди. Ит уч оёқлаб бир-икки қадам ташлади-да, Ҳусайнга суйкалди. Олавойнинг олдинги ўнг оёғи икки букилиб, шалвираб қолганди. Ҳусайн тиз чўкиб, итнинг оёғини сийпалади. Олавой ангиллаб оёғини тортиб олди.

      – Бобожон, Олавойнинг оёғига не бўлди? – деди бобосига қараб.

      – Не бўлганин билолмадик, – Маҳмудни етаклаган Амрилло бобо Ҳусайннинг олдига келди. – Кеча ўтлоққа қўйлар билан қўйиб юборган эдим. Уйга оқсоқланиб қайтди. Бировнинг йирик моли ёки отнинг туёғи остида қолган-ов.

      – Шундай бўлмоғи мумкин. Суяк синибди.

      Амрилло бобо неварасининг катталардек гапиришидан ажабланди.

      – Сен буни қайдан билдинг, болам?

      – Бобожон, устозим Абдулваҳҳоб ибн Али табобат илмида ҳам етук инсон. Бул соҳага қизиққаним боис табобатдан қўшимча сабоқ олаётирмен.

СКАЧАТЬ