“Илми саноеъ” – бадиий санъатлар илми – бадиий тасвирий ва ифодалилик воситалари илмидир. Олимлар шеъриятдаги бадиий санъатларнинг саноғини икки юзга яқин чоғласалар, Амир Хусрав Деҳлавийнинг “Эъжози Хусравий” асарида насрга доир юзлаб бадиий санъатлар ҳақида қимматли маълумотлар берилган.
“Илми саноеъ” – адабиётга бадиийлик латофати ва фазилатини берадиган, шунга ўргатадиган илмдир, шуни идрок этишга йўналтирилган фандир. Адабий матнга таъсирчанлик, гўзаллик, нафосат, кўп жанрлилик, хушжаранглилик, сеҳрлилик, сирлилик, машғулотбоплик, ҳайрат бағишлайдиган маҳорат мактаби “Илми саноеъ”дир.
Буюк истеъдод эгалари ҳатто айрим шеърлар биносини бирор санъат асоси устига қурадилар. Бу маънода мен Ҳалима Худойбердиеванинг “Бегим” ва Абдулла Ориповнинг “Куз манзаралари” шеърлари хусусида айтмоқчи эдимки, буларнинг биринчисини талмеҳ кўрсаткичларидан маҳрум қилсак, Абдулла Орипов шеъридан инкор қилинган бирикмаларни, яъни тафреъ санъати кўрсаткичларини олиб ташласак, “Куз манзаралари” ўз “жони”дан ажралгандек ҳолсизланади. Бу ҳақда ҳали кейинроқ батафсил сўз юритамиз.
Илми саноеъ шоир ва адиб учун маҳорат мактаби, сеҳргарлик усулларидир: ижодкор ҳар бир гап ёки байтда у ёки бу бадиий санъатни матн ўқимишлилигини, қизиқарлилигини, бадииятини таъминлайди, сўз санъати ва ўз истеъдоди қудратини шу санъатлар орқали намойиш этади. Ўзининг янги фикрий кашфиётини ифодалаш билан матнни безайди. Зотан:
Балоғат эрур шеър оройиши,
Агар бўлса бир нукта кунжойиши.10
Биз, адабиётшунослар, адабиёт илми олимларга аталган, деб ҳисоблаймиз. Ростда, сюжет, композиция, конфликт, фабуланинг китобхонга қизиғи борми? “Илми саноеъ” унақа эмас. Илми саноеъ ижодкорга ҳам, китобхонга ҳам бирдай тааллуқли: шоир ўрганса, “зўр” шеър ёза олади, китобхон бу илмни ўрганса, ўша шеърни ўқиб, “зўр”лигини, “зўрлик” омилларини идрок этиб, унинг шеърдан оладиган лаззати икки баравар ошади. Аввал шеър мазмуни, ғояси, нуктасидан озиқланса, энди ундаги бадиий воситаларни илғаб олиш маҳоратига яна тан беради, қойил қолади.
Чунончи китобхон Фурқат девонини варақлаб ўтириб “Сабоға хитоб” шеъридаги қуйидаги байтга кўзи тушади:
Бу гулшанким насими файзи рабдур,
Гули ҳилму ҳаё бирла адабдур. (Фурқат, 219-бет).
Китобхон мулоҳаза юритади: бир байтда икки фикрий кашфиёт қилинган, биринчиси, Фурқат дунёни (гулшанни) Аллоҳ файзининг эпкини деб кашф этмоқда. Ҳа-ҳа, Аллоҳнинг “Кун!”, яъни “Ярал! Бунёд бўл!” маъносидаги сўз эпкини туфайли ўн саккиз минг олам, жумладан, бизнинг оламимиз (гулшан) ҳам яратилган…
Иккинчи нукта эса, Аллоҳ қудратининг маҳсули инсон экан, шу яратилган гултожининг инсоний фазилат гуллари: ҳаё, ҳилм ва одоб экан. Бир мисрада инсоннинг энг олий фазилатлари деярли жамулжам қилиб берилганки, бу ахлоқ эгасини биз идеал – СКАЧАТЬ
10
Фурқат, Танланган асарлар, Ғафур Ғулом номидаги АСН, Т., 1975, 275-бет.