Вексаль орқали қарз олиш усули ўта содда бўлган, ҳозиргидай бунда гаров, бизнес-режа ва бошқа қатор ҳужжатлар талаб этилмаган. Қарз олишнинг жуда кўп шартлари оғзаки келишилиб, “лафз” тушунчаси – ўзаро ишонч, томонлар ўртасида жуда юқори баҳоланган. Бу борадаги кўп йиллик муносабат эса томонлар ўртасидаги ўзаро ишончни янада мустаҳкамлаган, улар ўртасидаги алоқаларни дўстлик даражасига кўтарган.
Хуллас калом, бизнинг катта боболаримиз Исмоилжон ва Содиқбойлар ўртасида ана шундай дўстлик шаклланиб, оилавий борди-келдилар қарор топган экан. Исмоилжон хонадони Андижон шаҳрининг ҳозирги Алишер Навоий кўчасидан Педуниверситетга темир йўл бўйлаб боришда чапда жойлашган Эскилик маҳалласида яшар, Содиқбой хонадони эса ҳозирда Хўжаобод тумани марказига боришда ўнгда келадиган Шаҳрихон сой бўйидаги Кўтарма қишлоғида истиқомат қилган. Қисқаси, аждодларим Иминжон ва Бибиҳожарнинг бир-бирлари билан турмуш қуришлари, оталари ўртасидаги дўстлиги ҳамда уларнинг ўзаро ҳамкорлиги меваси бўлган.
Ёзнинг иссиқ кунларидан бирида, Исмоилжоннинг уйига келган Содиқбой “аёлларингизни бизнинг қишлоққа юборинг, сой бўйида салқинда дам олиб келишади”, деб таклиф қилган. Шаҳарнинг тор шароитида яшовчи аёлларга бу таклиф жуда маъқул бўлган ва эртасигаёқ аравакашликни ўз зиммасига олган Иминжон онаси ва икки акасининг хотинларини аравага ўтказиб, Кўтарма қишлоғига йўлга тушган.
Иминжон етакчилигидаги арава Содиқбой хонадони олдига етиб келгач, ҳали ёш бўлган келинчаклар шарқираб оқаётган сой сувини кўргач, аравадан сакраб тушиб, қийқирганча сой томон югуриб кетишган. Уларни ҳам тушунмоқ керак, шаҳарда ўсган ёшлар бундай гўзал манзара, бундай шарқироқ сувни илк бор кўришлари бўлса керак. Қайнона эса аравада ўлтириб қола берган. Зеро, Қўқон арава ердан анчайин баланд бўлиб, бу ёшдаги аёлга ундан тушиш учун ё биров ёрдамчи ёки нарвонча лозим бўлар эди. Ўғил эса, келин аяларининг болаларча қилмишларидан ҳайрон бўлиб, нима қилишини билмай туриб қолган. Шу дам ҳовлидан пастаккина, аммо меҳнат билан пишиққан бир қиз югуриб чиқиб:
– Вой холажон, келганингларни билмай қолибмиз, бизникига ҳуш келибсиз, – деганча меҳмонни шарт кўтариб, аравадан туширган ва ҳовлига етаклаган.
Шу қиз, исми Бибиҳожар, Содиқбой бобомизнинг беш қизидан иккинчиси бўлиб, шу сафардаёқ она томонидан аравада келган ўғли Иминжонга унаштирилган ва тез кунда Андижоннинг Эскилик маҳалласига келин қилиб, олиб кетилган.
Бобом Иминжоннинг таваллуд йиллари 1890 йилга тўғри келади. Чунки дадам “мени, акамни ва дадамнинг мучал йиллари бир хил – йўлбарс бўлган”, дер эди. Дадам 1926 йил, дадасининг 36 ёшида, яъни мучал йилида дунёга келган экан. Дунёнинг такрорланиши қизиқ, дадамнинг СКАЧАТЬ