Хотира саодати. Тоҳиржон Иминов
Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Хотира саодати - Тоҳиржон Иминов страница 15

Название: Хотира саодати

Автор: Тоҳиржон Иминов

Издательство: SHARQ

Жанр:

Серия:

isbn: 978-9943-5223-3-6

isbn:

СКАЧАТЬ пишганда, энам мени икки-уч бора олиб чиқиб едирар ва бу меванинг фойдаси ҳақида кўп сўзлаб берарди. Катта бўлгач, “Бобирнома”дан “Андижоннинг ношпотасидан яхшироқ ношпоти бўлмас” жумласини ўқиб, бу мевани эсладим, ҳамда у ҳақда кўп адабиётлардан маълумотлар тўпладим. Ҳатто Бобур ҳам таърифини келтирган бу меванинг инсон организми учун жуда фойдалигини, шу сабаб бўлса керак, энам йилда бир бор у билан мени албатта сийлаганининг мазмунини тушундим.

      Тўхтахон энам ташкилотчи, атроф маҳаллалар аёлларига етакчи эди. Ўқлоғни миниб туриб, товуқ ёки қўйларни сўяверарди (негадир аёллар жонлиғ сўйишга мажбур бўлиб қолса, шу одатни қилар эдилар). Юраги бутун, қўрқмас эди. Биз, мен Кўтармадалигимда бирга ухлар эдик. Бир кун саҳар энамнинг овозидан уйғониб кетдим. Ўтириб олган, бировни “ҳа жувонмарг кеткир, яна кирволдингми? Мен бошқа кирмагин демодимми?” – деяптилар. Қарасам, ўриндиқ четида бир каттагина илон кулча бўлиб, ўралиб ётибди. Энам илонни думидан кўтариб, ташқарига ташлаб келди. Кейин уйқуда давом этдик. “Эна, илон нега кирибди?” – десам, “сув илон, исингани кирибдида”, – дейди. Бўлам Махпиратхоннинг эслашича, Энам 32 ёшида Андижонда зилзила бўлган экан.

      Энам умрининг сўнгги йиллари аммамнинг иккинчи фарзанди Мўйдин акам билан яшади. Аммам, Мўйдин акам, хотини Махпиратхон, Умри холам, қўйингчи бутун маҳалла аҳли энамни қариган чоғи ёлғизлатиб қўймади. Оқ ювиб, оқ тарашди. Энам бизникига, Хокандаги ҳовлимизга келиб, узоқ вақт туриб кетарди. Энамнинг биз учун энг қимматли сифати шу эдики, у зот аммам, дадам, онам ҳамда уларнинг фарзандларига Украинада қолиб кетган Бибиҳожар бувимиздан ололмаган меҳрни берди. Жуда ёш турмуш қурган ота-онамга турмуш сабоқларини, қулоқлик муҳитидан қайтган ёшларга озод ҳаёт қоидаларини ўргатди. Бундай меҳрибон зотнинг борлиги биз учун ҳаётнинг мураккаб сўқмоқларидан ўтишни осонлаштирди. Шу сабаб ҳам қўлимиз дуога очилганда, албатта у кишини эслаймиз, имкон бўлди дегунча қабрини зиёрат қиламиз.

      Учинчи фарзанд Нуритдин Холбиби исмли аёлга уйланган, Қумрихон исмли қизлари бўлган. Ўттизинчи йиллардаги қулоқлаштириш билан боғлиқ тўс-тўполонлардан безиб, 1931 йил Қашқарга ўтиб кетган. Бола-чақаси Андижонда қолган. У кишидан хат-хабар келиб турган. Охирги мактуб 1954 йил Маккадан келган. Бу мактубда унинг шу шаҳарда вафот этганлиги маълум қилинган. Дадам икки бор Ҳаж қилиб, Макка ва Мадинадан у кишининг изини кўп қидирди. Аммо у жойдаги ёши улуғ Бухорийларнинг (Ўзбекистондан бориб қолганлар) бирортаси тоғаси ҳақида маълумот бера олмаган. Энам менга бу укалари ҳақида кўп сўзлаб берар, “Нуритдин, қайларда қолдинг?”, – деб узоқ-узоқ хазин овозда йиғлар эди. Фарзандсиз ўтган энам укасини кўп яхши кўрган экан, то қазоси еткунча ҳам унинг номини оғиздан қўймади. Ўлимидан олдин Отика аммамнинг ўғли Муйдин акамга “ўғил кўрсанг “Нуритдин” қўйгин”, деб тайинлаган экан, шундоқ бўлди ҳам. Ҳозирда Нуритдин бола-чақали, иқтисодчи мутахассис, энам яшаган ҳовлини очиб, унинг чироғини ёқиб яшаяпти.

      Тўртинчи фарзанд биз учун жуда мўътабар, онам ҳикояларида жуда улуғланган зот, катта бувимиз Бибиҳожар ҳақида бобом Иминжонга қўшиб, алоҳида тўхталаман.

СКАЧАТЬ