Узоқдан органларнинг жўр овози эшитилди.
“Намойиш мадҳияси янграмоқда!”
Болакай ҳаллослаганча Вальдеспино офиси олдида тўхтаб, эшикдан тушиб турган чироқ нурини кўриб таажжубланди.
"Епископ шу ердамикан?"
У оҳиста эшикни тақиллатди:
– ¿Excelencia Reverendísima?
Жимжитлик.
Эшикни қаттиқроқ тақиллатиб сўради:
– ¡¿Su Excelencia?!
Ҳеч қандай жавоб йўқ.
Қартайиб қолган епископнинг соғлиғидан хавотирга тушган ёрдамчи бола тутқични бураб, эшикни очди.
– ¡Cielos! – оҳ тортди ёрдамчи ичкарига қараб.
Епископ Вальдеспино қизил ёғочдан ишланган катта столи ёнида ноутбукига диққат билан термилиб ўтирарди. Унинг кийимлари қилт этмаганди – бошидаги митра, елкасидаги ридо жой‐жойида эди. Шоҳона ҳассаси деворга суяб қўйилганди.
Ёрдамчи томоқ қириб гап бошлади:
– La santa misa está…
– Preparada, – унинг гапини бўлди епископ экрандан кўзини узмай. – Padre Derida me sustituye11.
Ёрдамчининг кўзларида таажжуб учқунлари чақнади. “Дерида ота унинг ўрнига чиқади?” Дерида отадек оддий руҳоний шанба оқшомидаги ибодатни олиб бориши деярли ноодатий эди.
– ¡Vete ya!12 – деди Вальдеспино жаҳл билан. – Y cierra la puerta. (Эшикни ёп).
Қўрқиб кетган болакай зудлик билан хонадан чиқиб, эшикни ёпди. Мусиқа садолари янграётган залга қайтаркан ажабланди: “Руҳоний компьютерда нима кўраётган эканки, уни ҳатто Худо олдидаги бурчидан ҳам воз кечишга мажбур қилди.”
Бу дам адмирал Авила Гуггенҳайм музейи атриумидаги тўп‐тўп одамларни оралаб ўтиб бораркан, меҳмонларнинг аксарияти тақиб олган япалоқ қулоқчини билан гаплашаётганини пайқаб, ҳайрон бўлди. У музей бўйлаб аудиотур икки томонлама суҳбатга имкон беришини англади ва қулоқчиндан вақтида қутулганидан мамнун бўлди.
“Бугун ҳеч нарсага чалғимаслигим керак.”
Авила соатига қараб вақтни кўргач, лифтлар томонга кўз ташлади. Улар аллақачон асосий намойиш ўтказиладиган юқори қаватга кўтарилаётган меҳмонлар билан тўла эди. Авила зинадан чиқишга қарор қилди. Юқорига одимларкан, у танасида ўтган тундаги каби қалтироқни ҳис этди. “Наҳотки, ўлдиришга яроқсиз одамга айланиб қолган бўлсам?” Рафиқаси ва фарзандлари ҳаётига зомин бўлган худосиз жоҳиллар Авилани ҳар томонлама ўзгартириб юборганди. “Барча ҳаракатларимга Парвардигорнинг ўзи ижозат берган, – эслатди у ўз‐ўзига. – Қилаётган ишларим адолат тақозоси.”
Иккинчи қаватга етганда Авиланинг эътиборини зина яқинида турган аёл тортди. “Испаниянинг янги юлдузи”, деб ўйлади у соҳибжамолга кўз ташлаб.
Аёлнинг эгнидаги қора диагональ чизиқли оппоқ кўйлак хушқад танасига ёпишиб турар ва нозик қоматининг бутун гўзаллигини кўз‐кўз этарди. Унинг тим қора қалин сочлари, латиф СКАЧАТЬ
11
Дерида ота бугун ўрнимга ўтади
12
Йўқол!