Ўша унутилмас кечага шу бугун роппа-роса олти ой тўлганди. Ва айнан бугун икки йиллик муносабатлари давомида биринчи марта ўрталарида тушунмовчилик юзага келганди.
Тўртинчи боб
Крипто эшиги очилиб, чийиллаган товуш чиқарди, Сьюзан ўзига келди ва хаёлларини бир четга йиғиштириб, ичкарига қадам ташлади. Махсус компьютер унинг кирганини қайд этиб, овоз берди. Гарчи Сьюзан Криптода уч йилдан бери яшаса-да, ҳанузгача бинонинг ҳашаматли кўринишидан ҳайратланарди. Беш қаватдан иборат улкан, айлана шаклдаги асосий залнинг баландлиги ўттиз олти метрни ташкил этарди. Икки мегатонна портлашга чидамли поликарбонат тўр билан маҳкамланган ойнаванд гумбаз ўзидан Қуёш нурларини фильтрлаб ўтказишга мослашганди. Шаффоф равоқдан офтобнинг кучсиз ёғдуси тушиб, деворларда ажиб жилваланарди. Залга ётқизилган кафель тиниқ, қора рангда бўлиб, ҳар қадам ташлаганда худди қоп-қора музни босаётгандек ваҳимали таассурот уйғотарди.
Хона марказида улкан ракетанинг тумшуғига ўхшаб кетадиган машина ўрнатилганди. Баландлиги етти метр бўлган бу машина бир қараганда қаҳратон қишда денгиз совуғига чидолмай музлаб қолган баҳайбат йиртқич китни эсга соладиган Трансхабар аппарати эди.
Трансхабар дунёда ягона нусхадаги энг қимматбаҳо компьютер жиҳози ҳисобланиб, МХА унинг мавжудлигини ҳеч қачон тан олмасди.
Айсберг ўзининг асосий массасини сув остига беркитгани каби, Трансхабарнинг юзада кўриниб турган қисми унинг ўндан бир ҳажмини ифодаларди холос. Аппаратнинг асосий манбаи, тўқсон фоиз қудрати бино остидаги олти қаватдан иборат бункерга яширилган эди. Бункер тубида жойлашган генераторларнинг тинимсиз ҳаракатидан ҳосил бўладиган доимий ғуввиллаган товуш Криптодаги ўлик сукунатни бузиб турарди.
Яратилган бошқа буюк технологик ихтиролар сингари, Трансхабар ҳам замона зайли билан вужудга келган. Кўпчилик 80-йилларда оммалашган интернетни энг сўнгги янгилик деб билса-да, аслида глобал тармоқ бундан қарийб 30 йил муқаддам Мудофаа вазирлигининг ташаббуси билан яратилганди. Ундан асосий мақсад эса келажакда содир бўлиши мумкин бўлган ядро уруши вақтида компьютерларнинг йирик тармоғи, яъни интернет ёрдамида ҳукумат ахборот алмашинув агентлигининг хавфсизлигини таъминлашдан иборат эди. 1980-йилларда интернетнинг, сўнгра электрон почтанинг оммага тақдим этилиши телекоммуникация соҳасидаги буюк инқилоб бўлди. Бу тўнтарилишга гувоҳ бўлган МХА бундан буёғига разведка, ахборот тўплаш ва юбориш қоидалари ҳам ўзгаришини тушуниб етди. Электрон почта мактубдек ишончли, телефондек тез эди. E-mail’дан юборилган хабарлар ҳаво орқали эмас, балки ер остидаги фибер-оптик симларда узатилгани сабаб уларни яширинча эшитиш, ўқиш мумкин эмас, демак, электрон почта ва интернет телефонларга қараганда минг марта хавфсиз, деган фикр омманинг хаёлига ўрнашиб қолди. Шу сабабли ҳам глобал ахборот алмашув воситаларининг янги турлари жиноятчилар, террорчилар ва жосуслар учун айни муддао бўлди, СКАЧАТЬ