Қизнинг қовоғи уйилди. Сьюзан сўнгги уч йилда вақтининг асосий қисмини Трансхабарнинг иш кўрсаткичларини ошириш йўлида меҳнат қилишга сарфлаганди. Машинанинг иш тезлигини янада кўтаришга хизмат қилган дастурларнинг аксарият қисми Сьюзан томонидан яратилганди. Миллион бит келадиган калит сўзни топиш учун уч соат сарфлашнинг ўзиёқ Трансхабарнинг тасаввур қилиб бўлмас даражадаги катта тезликда ишлашини кўрсатарди.
– Яхши, – деди Стратмор. – Демак, ҳатто энг узун кодни ҳам Трансхабар уч соатда ечиб бўлган, шундайми?
Сьюзан бош ирғиб тасдиқлади:
– Шундай, жаноб.
Командор худди ичидаги гапни айтишга қўрққандек ерга тикилиб, сукут сақлади. Орадан бироз вақт ўтгач, юқорига қаради:
– Трансхабар ниманингдир устида ишлаяпти… – ва гапини тўхтатди.
– Уч соатдан ҳам кўпроқми? – қиз анграйиб қолди.
Стратмор «Ҳа» ишорасини берди.
– Янги диагностик кодми? Ёки хавфсизлик бўлими бирор код юборганмиди?
Командор бош чайқади:
– Гап ташқаридан келган файл устида кетяпти, МХАга алоқаси йўқ бу коднинг.
– Ташқи файл? Ҳазиллашяпсизми, жаноб?
– Қанийди шундай бўлса… Мен ўтган кечаси, соат тахминан ўн бир яримда Трансхабарга файлни жойладим. Машина уни ҳалигача ечолгани йўқ.
Сьюзаннинг оғзи очилиб қолди. Бир соатига бир Стратморга қараб, нималар бўлаётганини таҳлил қилишга уринди.
– Ҳанузгача калит сўзни топмадими? Ўн беш соатдан ошибдику, командор! – ишонқирамай сўзлади Сьюзан.
Стратмор эгилиб, компьютерининг экранини айлантириб, қизга кўрсатди. Қоп-қора экраннинг юзасида сариқ ҳарфлар милтиллаб турарди.
Ишлаш вақти: 15:09:33
Кутилаётган калит сўз: ________
Сьюзаннинг кўзларида ҳайрат учқунлари зоҳир бўлди. Бир сония ичида ўттиз миллион калит сўзни таҳлил қилишга мослашган Трансхабарнинг процессорлари бир соат ичида юз миллиарддан ошиқ тахминларни текшириб чиқишга қодир. Трансхабар ўн беш соатдан бери кодни ечолмаётгани калит жуда узун, камида ўн миллиард белгидан иборат эканини билдирарди. Буни ақлга сиғдириб бўлмасди.
– Бўлиши мумкин эмас! – хитоб қилди Сьюзан. – Қандайдир носозлик бордир балки. Текшириб кўрдингизми?
– Ҳеч қандай хатолик йўқ, текис ишлаяпти.
– Аммо калит сўз жуда катта бўлиши мумкин!
Стратмор бош чайқади:
– Оддий алгоритм. Менимча, қирқ тўрт бит ҳажмда.
Бу қандай содир бўлиши мумкин… Трансхабар қирқ тўрт белгидан иборат калит сўзни ечиши учун ўн дақиқа ҳам сарфламасди ҳатто.
– Қандайдир изоҳ бўлиши керак бунга!
Командор тасдиқ ишорасини қилди:
– Изоҳ бор. Лекин бу сенга ёқмайдими деб қўрқаман.
– Трансхабар бузилиб қолдими? – хавотир аралаш сўради қиз.
– Гап машинада эмас.
– Унда вирус тушдими қандайдир? СКАЧАТЬ