Буларни Эйлин мисолида тушунтириш керак. Ўша пайтнинг ўзидаёқ Эйлинни жуда эҳтиросли қиз эди деб айтиб бўлмасди. Булар ҳаммаси ҳали унинг вужудида мудраб ётарди. Ҳар қандай уруғнинг ҳосил беришига анча вақт керак бўлади. Черковдаги бир нечтагина жинчироклар хира ёритиб турган истиғфор келтириладиган жой, патернинг14 кафорат ҳақидаги панд-насиҳатлари, туйнук ортидан шивирлаб айтиладиган гуноҳларнинг ювилиши қизни бироз ҳаяжонга соларди. Эйлин ўз гуноҳларидан қўрқмасди. Гуноҳкорлар тушувчи манзил – дўзах уни қўрқитмасди. Виждон азоби қийнамасди. Унинг назарида черковга судралиб бориб, ибодат қилганча тасбеҳ ўгираётган чол ва кампирларнинг ёғоч санамлардан фарқи йўқ эди.
Эйлинга, айниқса, у ўн тўрт, ўн беш ёшда эканлигида, руҳонийнинг гапларига қулоқ солиб, ибодат қилиш ёқарди. Монастир пансиони тарбияланувчиларининг тавбасини тингловчи кекса бир француз руҳонийси кўнгилчанлиги ва юмшоқ табиати билан Эйлинга таъсир қиларди. Бу руҳонийнинг ибодатлари Эйлиннинг шоша-пиша ва эътиборсиз ўқийдиган дуоларидан кўра самимийроқ янграрди.
Кейинроқ эса унга муқаддас Тимофей черковининг ёш католик руҳонийси Давид ота ёқиб қолди. У юзидан соғломлик уфуриб турган, жингалак қора сочлари пешонасига тушиб турган ва доим бошига руҳонийлик кулоҳини олифтагарчилик билан қўндириб оладиган йигит эди. У якшанба кунлари ибодат пайтида ўриндиқлар орасида юрганча бу ерда ўтирган қавмларига муқаддас сувдан сепиб юрарди. У истиғфор қабул қилар ва Эйлин баъзан хаёлига келиб қолган уятли фикрларни унга шивирлаб айтиб беришни ёқтирарди ва шу вақтнинг ўзида “Руҳоний мен ҳақимда нима ўйлаётган экан?” деган саволга жавоб топишга ҳаракат қиларди. Қиз минг хоҳлагани билан бу одам тимсолида Яратганнинг вакилини кўра олмасди. У жуда ҳам ёш ва ўта оддий инсон эди. Ва қизнинг ўзи ҳақида завқланиб гапиришларида, кейин эса пушаймон еётган гуноҳкор аёл каби жимгина ташқарига йўл олишида қандайдир шумлик, қитмирлик бордек эди.
Муқаддас Агата мактабида уни тарбияси “оғир” деб ҳисоблашар, чунки тарбиячилар уни бировнинг иродасига бўйсуниш учун ўта шўх ва ҳаракатчан деб ҳисоблашарди.
– Бу мисс Батлер деганлари, – деди бир куни монастирнинг бошлиғи Эйлиннинг тарбиячиси Семпронияга, – жуда ботир қиз. Агар етарлича эътибор бериб қарамасангиз, сизда у билан кўп муаммо чиқиши турган гап. Назаримда, майда-чуйда нарсаларда унга ён бериб туришингиз керак. Бошқа йўл билан ҳеч нарсага эриша олмайсиз.
Ўша суҳбатдан бери тарбиячи Семпрония Эйлиннинг ҳамма хоҳишларига қулоқ солишга ҳаракат қилар ва ҳатто баъзан унинг қилиқларига бепарво ҳам бўларди. Бироқ у доим ҳам бунга эришавермас – қизнинг онги отасининг бойлиги ва ўзининг бошқалардан баланд туриши тўғрисидаги фикр билан суғорилганди. Тўғри, у баъзида уйига бориб келишни хоҳлаб қолар ёки тарбиячи опадан ўзининг қора дарахтдан СКАЧАТЬ
14
Католиклар руҳонийси.