14
Заём билан бўлган операциядан сўнг “Каупервуд энд Компани” фирмасининг раҳбари бўлган Фрэнк Каупервуднинг мартабаси ошиши охир-оқибат маънавий, молиявий ва бошқа кўп масалаларда унга катта таъсир қилган одам билан учрашувига олиб келди. Бу бошқа бировларнинг қўлида ўйинчоқ бўлган, айнан ўз иродасизлиги сабаб муҳим шахсга айланган, шаҳарнинг янги ғазначиси Жорж Стинер эди. Бу ўринга ўтгунига қадар жаноб Стинер кўчмас мулклар сотиш бўйича комиссионер ва майда суғурта агенти бўлиб ишларди. Бу турдаги ҳеч узоқни кўра билмайдиган, ақли ҳам жуда кучли эмас, ташаббускор бўлмаган, ҳеч қандай иқтидори ҳам йўқ бундай кимсалар ҳар қадамда минглаб учрайди. Бутун ҳаёти давомида у бирорта ҳам янги фикр айтмаган. Тўғри, ҳеч ким уни ёмон одам деб айтолмасди. Ташқи кўринишидан у қандайдир зерикарли, тунд кўринар, бироқ бунинг сабаби фақат сирти эмас, ички дунёси ҳам эди. Ҳаворанг-кулранг, доим сувланиб турадиган кўзлар, сийрак сариқ сочи, юпқа, ҳиссиз лаблар.
Стинернинг бўйи баландгина бўлиб, деярли олти фут чиқар, елкадор, бироқ қандайдир қўполроқ эди. Унинг бироз букчайиб юриш одати бўлиб, салгина қорин ҳам қўйганди. Унинг нутқи одатда газеталардаги ва калтабин гаплардан, тижоратдаги ғийбатлардан иборат эди. Танишлари ва қўни-қўшнилари унга ёмон муносабатда эмасди. Уни виждонли ва кўнгилчан деб ҳисоблашарди, аслида ўзи шундай ҳам эди. Унинг хотини ва тўртта боласи ҳам одатда шундай одамларнинг хотини ва болалари каби эди.
Бироқ шуларнинг барига қарамай – сиёсий нуқтаи назардан, айнан шу, ярим асрдан бери Филадельфияда тажриба қилиниб келинаётган маълум сиёсий усуллар сабаб Жорж Стинер вақтинча халқнинг диққат марказида бўлиб қолганди. Биринчидан, Жорж Стинернинг қарашлари ҳукмрон партия қарашлари билан бир хил эди; шаҳар кенгаши аъзолари ва Стинернинг округидаги корчалонлар уни вафодор, бунинг устига, сайловолди кампанияси пайтида овоз йиғишда жуда фойдали бўлган одам сифатида билишарди. Иккинчидан, у нотиқ сифатида ҳеч нарсага арзимаса-да – чунки у ўзича бирорта ҳам фикр айта олмасди, уни баққоллар, темирчи ёки қассобларнинг кайфиятларини билиш учун юбориш мумкин эди: у ҳамма билан дўстлашиб кета олар ва натижада сайлов натижалари ҳақида аниқ бир хулосани айтиши мумкин эди. Бундан ташқари, унга бир нечта сийқаси чиққан “Республика партияси (эндигина ташкил топган, бироқ аллақачон Филадельфия ҳукумати тепасида турган партия) сизнинг овозингизга муҳтож, штатга бу муттаҳамдемократлар раҳбарлик қилишига йўл қўйиб бўлмайди” каби иборани “ўргатиб қўйиш” мумкин эди, у ҳар куни мана шу жумлалардан фойдаланарди. Нега йўл қўйиб бўлмаслигини Стинернинг ўзи ҳам тушунтириб бера олмасди. Улар қулчиликни ҳимоя қилишади. Улар савдосотиқ озодли СКАЧАТЬ