Название: Қадр кеча қатралари
Автор: Рахима Шомансурова
Издательство: Kitobxon
isbn: 978-9943-08-358-5
isbn:
Машҳур зотлар билан учрашувдан сўнг ўзингда бир қадар юқорилашни сезасан. У вақтлар арузда ғазаллар битадиган Ҳабибий домланинг Чақардаги уйларига, Собир Абдуллонинг Дархондаги уйларига, Шайхзода домланинг Мутахассислар уйидаги хонадонларига, Асқад Мухторнинг коттежларига, Шуҳрат ака, Ойбек домла, Миртемир домланинг Ишчилар шаҳарчасидаги ҳовлиларига, Мирзакалон Исмоилийнинг Консерватория қаршисидаги баланд қават уйдаги оддийгина хонадонларига идора топшириғи билан бориб, ташриф оқибати руҳимда шундай кўтарилашларни кўп сезганман.
Бу туйғу биргина менда эмаслигини ҳис қилганимда эса, руҳим яна ҳам ёрқинлашарди, ажиб бир ёғду қалбимни нурафшон қиларди. Ҳатто улар ўтиб кетишгандан сўнг ҳам бу туйғу кишини тарк этмайди.
СЎНМАС ЁҒДУЛАР
Бу Қадр кечада шу йил давомида қалбимни нурафшон қилган кунларнинг бирини эслаб ўтмоқчиман. Гилос ва олчалар қийғос гуллаган баҳор куни эди. Туркқўрғон маҳалла хотин-қизлар кенгаши ташаббуси билан маҳалла гузарида элнинг суюкли адиблари Ойбекнинг 100 йиллиги ва Зулфияхонимнинг 90 йилликларига бағишлаб «Юртнинг сўнмас ёғдулари» мавзуида давра суҳбатида иштирок этдик.
– Ҳар бир миллатнинг ҳар бир даврда маънавий мезони ҳисобланган ёғду шахслари бўлади. Маҳалламизда домла Ойбек, ҳассос ва назокатли шоир Миртемир, қўшиқчи шоир Акмал Пўлат, таниқли фантаст ёзувчи Хожиакбар Шайхов каби шундай буюк зотлар ўтганларки, улар ёди нафақат маҳалла аҳли учун, балки юртимизда, жаҳон адабиётида ҳам сўнмас ёғду сочиб туради, – дедилар давра суҳбатини очар эканлар маҳалла раҳбари, фалсафа фанлари номзоди Даврон ака Шораҳмедов.
Давра суҳбатини домла Ойбекнинг уй музейини зиёрат қилиш билан бошладик.
Айтишларича, Миртемир домла ҳар гал шу дарвоза олдидан ўтганларида бошларидан дўппиларини оларканлар. Қўллари кўксиларида бўларкан. Тавозе билан ўзи табиатан юмшоқ қадамларини яна ҳам юмшоқ қилиб астагина босарканлар. Бошлари ним таъзимда ўтарканлар… Чунки бу ерда улуғ адиб яшайди… Миртемир домланинг Ойбек домлага эҳтиромлари шу қадар юксак бўлган.
Бу қутлуғ дарвозадан ичкарига киришингиз билан дилингизни шеъру-шуур қамраб олгандек бўлади. Қалбингиз ҳаяжонга, тозаришга, баҳор янглиғ яшнашга, кўтарилишга отланганини ҳис қиласиз. Пойингизда яшил барглар ичра яшнаб турган сиёҳранг гунафша гилам. Ифори кўнглингизни кўкларга кўтариб, қуёш нурларига чулғайди.
Хоналарни айланаётганингизда ҳам ана шу ҳис сизни тарк этмайди. Бу айни пайтда шундай зотга ўзингизнинг замондош эканлигингиздан бўлса керак. Чунки экспонатларнинг кўпи сизга таниш. Ойбек домланинг кўп асарларини чоп этилгани заҳоти топиб ўқирдик. Улар сеҳри сизни ўзига тортади, ичкарида домла ижод қилиб ўтирганларидек туюлаверади. Мана бу қўлёзмалар эндигина «Қуёшли қалам» учидан чиққандек кўринаверади. Мана, ҳозир домла Ойбек бир вақтлардагидек ичкаридан елкаларига ўзбаки тўнларини ташлаб чиқиб келадилар, чаросдек кўзлари сизга меҳрли боқади. Зарифа опамлар чой билан сийлайдилар. СКАЧАТЬ