Название: Чол ва денгиз
Автор: Эрнест Миллер Хемингуэй
Издательство: Kitobxon
isbn: 978-9943-08-874-0
isbn:
Чол уйғониб кетди, очиқ қолган эшикдан ойга назар ташлади ва кийиниб ташқарига чиқди, ёзилди, болани уйғотиш учун йўлдан юқорига қараб кетди. Тонгги салқиндан жунжикди. Аммо бу вақтинча эканини ва тезда қайиққа ўтириб, эшкак эша бошлаши билан исиб кетажагини чол билар эди.
Бола яшайдиган уйнинг эшиги очиқ эди, чол оёқ учида ичкари кирди. Бола олд хонадаги каравотда ухлаб ётар, ойнинг синиқ нурида чол уни таниб ола биларди. У боланинг оёғидан оҳиста ушлади ва у то уйғониб, елкасига ағдарилиб ўзига қарамагунча, кутиб турди. Чол унга имо қилди; бола каравот ёнидаги курсидан чалворини олиб, ўтирганича, кийиб олди.
Чол уйдан чиқди, бола ҳам унга эргашди. У ҳамон чала уйқуда эди ва чол унинг елкасидан қучиб, деди:
– Мени кечир.
– QV ue a! – деди бола. – Биз эркакларнинг қисматимиз шунақа ўзи. Нима ҳам қилиб бўларди.
Улар чолнинг кулбасига тушиб боришди. Бутун йўл бўйлаб, қоронғида, ўз қайиқларининг мачталарини кўтариб олган оёқ яланг кишилар боришарди.
Кулбага келишгач, бола қармоқ калавалари солинган сават, чангак ва гарпунни кўтарди, чол эса мачта ва унга ўралган елканни елкасига ортди.
– Қаҳва ичасанми? – сўради бола.
– Аввал мана буларни қайиққа элтиб қўяйлик, кейин қаҳва ичамиз.
Улар балиқчилар учун жуда эрта очиладиган тамаддихонада консерва банкада қаҳва ичишди.
– Яхши ухлаб турдингми, қария? – сўради бола; унинг иссиқ ўринни саҳару мардон бўлмасдан тарк қилганидан қийналаётгани кўриниб турса ҳам, ҳарқалай, у, боягига қараганда анча тетик тортган эди.
– Жуда яхши, Манолин. Бугун омадимиз келишига ишонаман.
– Мен ҳам, – деди бола. – Энди мен сардинларимизни ва сенинг хўракларингни келтирай. Менинг шеригим майда-чуйдасини ўзи ташийди. Нарсаларига бошқаларнинг қўл уришини ёқтирмайди.
– Сен билан биз бўлсак, ундай эмасмиз. Ёшинг бешларда эканлигидаёқ, сенга у-буни ташитиб ўргатганман.
– Биламан, – деди бола. – Тўхтаб тур, ҳозир қайтаман. Қаҳва ичиб ўтир. Бу ерда бизга қарз беришади.
У маржон рифлари устидан яланг оёқлари билан шилп-шилп одим ташлаб, хўраклар сақланадиган совуқхона томонга кетди.
Чол майдалаб оҳиста қаҳва ҳўплади. Ҳозир қониб қаҳва ичиб олиш кераклиги, чунки шу билан энди уззу-кун туз тотмаслиги чолга аён эди. Овқатланишнинг ўзи аллақачоноқ унинг жонига теккан ва чол ҳеч маҳал денгизга ўзи билан егулик олиб чиқмас эди. Қайиқнинг бурнида сув тўлдирилган шиша сақланар – чолга кечгача шунинг ўзи кифоя эди.
Бола сардинлар ва газетага ўралган хўракларни кўтариб қайтиб келди.
Балиқчилар сўқмоқ бўйлаб майда тошларни шовдирата-шовдирата СКАЧАТЬ