Название: Чол ва денгиз
Автор: Эрнест Миллер Хемингуэй
Издательство: Kitobxon
isbn: 978-9943-08-874-0
isbn:
ЧОЛ ВА ДЕНГИЗ
Қисса
Чол қайиқда ёлғиз ўзи Гольфстримда балиқ овларди. Денгизга чиқаётганига мана саксон тўрт кун ҳам тўлди, аммо ҳали биронта балиқ тутганича йўқ. У билан бола қирқ кун бирга бўлди. Ҳадеганда қўли қуруқ қайтавергач, ота-онаси унга энди чолнинг ўтакетган Sаlао, яъни «ўлгудай омади юришмаган одам» эканини айтиб, бундан буён бошқа қайиқда денгизга чиқиш кераклигини қулоғига қуйдилар. Ҳақиқатан ҳам биринчи ҳафтанинг ўзидаёқ бу қайиқда балиқ деса арзигудай учта балиқ тутиб келишди. Деярли ҳар куни чолнинг денгиздан қуруқ қайтаётганлигини кўриб бола ич-ичидан эзилар эди. У чолнинг ускуналари, чангак, гарпун ва мачтага ўралган елканларини ташиб олишгани қирғоққа келарди. Дағал матодан тўқилган елкан ямалавериб, ола-қуроқ бўлиб кетган, ўроғлиқ ҳолда яксони чиққан полкнинг яловига ўхшарди.
Чол ориқ ва ҳолдан тойган, энсасини чуқур ажинлар тилиб ўтган, бетлари эса қуёш нурининг тропик денгиз юзидан акс этиб чиқишидан пайдо бўладиган беозор тери ракининг жигарранг доғлари билан қопланган эди.
Доғлар чўзилиб гарданигача тушган, йирик балиқларни тортиб олаётганда, чизимчалар ўйиб юборган қўлларида чуқур чандиқ излари кўринарди. Аммо бу излар ичида янгиси йўқ, ҳаммаси ҳам узоқ сувсизликдан қақраб ётган биёбон дарзлари сингари кўҳна эди. Чолда нимаики бор бўлса, бари ҳам эски, фақат денгиз тусини олган мовий, мардона одамларникига хос қувноқ кўзлари бундан мустасно эди.
– Сантьяго, – деди бола боғлоғлиқ қайиқ турган қирғоқдан юқорилаб кетган йўл оша кўтарилишаркан, – энди яна сен билан денгизга чиқишим мумкин. Ҳозир бир оз пул ишлаб қўйдик.
Чол болани балиқ овига ўргатган, шунинг учун ҳам бола уни яхши кўрарди.
– Йўқ, – деди чол, – сен бахти чопган қайиқда ов қиляпсан. Ўшанда қолганинг маъқул.
– Эсингда борми, бир вақтлар роса саксон етти кун денгизга чиқиб, қуп-қуруқ қайтувдинг, кейин иккаламиз кетма-кет уч ҳафта кунига катта-катта балиқ ушлаб келтирганмиз.
– Эсимда, – деди чол, – сен менга ишонмаганингдан кетганинг йўқ, биламан.
– Отам мажбур қилди. Ўзим бўлсам, ҳали кичкинаман, шунинг учун уларнинг айтганини қилишим керак.
– Биламан, – деди чол. – Ўзи ҳам шундай бўлиши керак.
– Отам бўлса, унча ишонқирамайди.
– Ҳа, – деди чол. – Биз эса ишонамиз. Тўғрими?
– Бўлмаса-чи. Истасанг, юр, сени Террасда пиво билан меҳмон қиламан. Кейин асбобларни олиб кетамиз.
– Ҳай, майли, – деди чол. – Балиқчи балиқчини сийламоқчи экан, демак…
Улар Террасга келиб ўтиришди. Кўпгина балиқчилар чолни мазах қилишар, аммо у буни кўнглига оғир олмас эди. Ёши улғайиброқ қолган балиқчилар эса унга қараб хафа бўлиб кетишар, бироқ сир бой бермас ва оқим ҳақида, қармоқни қанча чуқурликка ташлашлари, оби-ҳаво, ниҳоят, денгизда нималар кўришгани тўғрисида беозор гурунглашиб ўтиришарди. Бугун иши ўнгидан келганлар овдан аллақачон қайтишган ва ўлжа марлинларини тозалаб, бир жуфт тахта устига кўндаланг қўйишганча тўртовлашиб уларни балиқ омборига элтиб топширишган эди. Бу ердан балиқларни рефрижераторда Гавана бозорига келтириб сотардилар.
Акула овлаб келган балиқчилар эса, уларни кўрфазнинг нариги қирғоғидаги заводга топширишарди. У ерда акулаларни блокларга осиб қўйиб, жигарларини суғуриб олишар, қанотларини кесиб, терисини шилишгандан сўнг, гўштини тузлашга паррак-паррак қилиб кесишарди.
Шамол шарқдан эсди дегунча, ўзи билан акула корхонасининг қўланса ҳидини олиб келарди; аммо бугун ҳид деярли сезилмас, чунки шамол шимолдан эса бошлаб, кўп ўтмай бутунлай тинган эди. Шунинг учун ҳам Террас серқуёш ва сўлим эди.
– Сантьяго, – деди бола.
– Хўш? – жавоб берди чол. У стаканидаги пивога тикилиб ўтираркан, узоқ ўтган кунларни эсларди.
– Эртага сенга сардин тутиб келтирсам, майлими?
– Овора бўлма. Яхшиси бориб бейсбол ўйна. Ҳали эшкак уришга кучим етади. Роджелио бор – тўр ташлаб туради.
– Йўқ, хўп дея қолгин. Рост, сен билан бирга балиқ овлашим мумкин эмас экан, ул-булингга ёрдамим тегса дейман.
– Ахир, сен мени пиво билан сийлаб юбордингку, – деди чол. – Энди катта йигит бўлиб қолдинг.
– Биринчи марта мени денгизга олиб чиққанингда ёшим нечада эди?
– Бешда. Қайиққа тирик балиқни тортиб олганимда, у сағал бўлмаса ҳамма нарсани чилпарчин қилиб юбораёзган ва сен ҳам базўр жон сақлаб қолган эдинг, эсингдами?
– Эсимда. У қуйруғи билан уриб банкани синдирган, сен бўлсанг, уни тўқмоғинг билан роса дўппослаган эдинг. Мени қайиқнинг майда-чуйдалар ётган бурнига итқитиб юборгансан. Қайиқ зириллаб қалтировди, худди ўтин чопгандай тўқмоғингни тўқ-тўқ овози СКАЧАТЬ