Чол ва денгиз. Эрнест Миллер Хемингуэй
Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Чол ва денгиз - Эрнест Миллер Хемингуэй страница 15

Название: Чол ва денгиз

Автор: Эрнест Миллер Хемингуэй

Издательство: Kitobxon

Жанр:

Серия:

isbn: 978-9943-08-874-0

isbn:

СКАЧАТЬ томир тортишини шундай ёмон кўраманки, – деб ўйлади чол. – Тана ўзингники бўлса-да, яна мана бундай дард устига чипқон бўлиб турса! Балиқ еб заҳарлансанг-да, одамлар ичида ҳадеб бурнинг оқиб кетаверса ё қайт қилгинг келаверса, қанчалик шарманда бўласан киши. Аммо томир тортиши (буни у хаёлида calambre деб атарди) ундан ҳам ёмон шарманда қилади ва яна, айниқса, бир ўзинг бўлсанг».

      «Агар ёнимда бола бўлганда, – деб ўйлади чол, – қўлимни тирсакдан бошлаб уқалаб қўйган бўларди. Майли, ҳечқиси йўқ, шундай ҳам яхши бўлиб кетади».

      Қўққисдан чол ҳали сувга тушган чилвирнинг қиялиги ўзгариб қолганини пайқаб улгурмасдан, унинг ўнг қўли тортиш кучи сусайганини сезди. У ўзини орқага ташлади, кучи борича чап қўли билан сонига тушира бошлади ва шунда чилвирнинг аста-секин юқорига кўтарила бошлаганини кўрди.

      – Кўтариляпти, – деди у. – Қани, қўл, бўла қол, қимирла! Ўтинаман сендан!

      Чилвир узунасига борган сари чўзилгандан чўзилиб борар ва ниҳоят, қайиқ қаршисидаги денгиз сатҳи бўртиб кетди, балиқ сувдан чиқди. У чиққандан чиқиб борар, чиққандан чиқиб борар, гўёки бош-кети йўққа ўхшар, сув эса унинг ёнларидан дув-дув оқиб тушарди, балиқ бутун борлиғи билан қуёшда товланиб ёнар, боши ва усти тўқ бинафша рангда, энли ён тасмалари эса, тиниқ шуълаларда майин сафсар рангда кўринар эди. Унинг тумшуғи ўрнида худди бейсбол чавгонидай узун ва учи рапира сингари ўткир тиғ турар эди. У сувдан бор бўйи билан кўтарилди, кейин худди моҳир сузувчидек жим шўнғиди, унинг ўроқ тиғига ўхшаш ҳайбатли қуйруғи сувга ботиб улгурмасдан, калава шитоб билан бўшала бошлади.

      – У менинг қайиғимга қараганда, икки футча узунроқ, – деди чол.

      Чилвир денгизга тез, аммо бир меъёрда кетиб борар, балиқнинг ҳеч бир нарсадан чўчимаганлиги яққол кўриниб турарди. Чол чилвирни икки қўллаб охиригача тортишга уринар эди. Агар балиқнинг ҳаракатини бир меъёрдаги қаршилик билан секинлатишга муваффақ бўлмаса, у ҳолда балиқ бор-йўқ калавасини тортиб, узиб-юлқиб кетажагини чол биларди.

      «Ўзи ҳам балиқмисан балиқ экан. Энди мен унинг ўзида қандай куч яширинганини билиб олишига йўл қўймайман, – деб ўйларди у. – Агар жуфтакни ростлаб қоладиган бўлса, мени нима кўйларга солиши мумкинлигини унга билдириш керак эмас. Унинг ўрнида мен бўлганимда, ё ўлиш, ё қолиш деб, то ўпка тушгунча олға силжиган бўлардим. Аммо, минг қатла шукрки, балиқлар ўзларини қирувчи одамлар сингари ақлли эмаслар; ваҳоланки, улар бизга қараганда ҳам эпчил, ҳам олижаноброқдирлар».

      Чол ўз умрида жуда кўп катта балиқларга дуч келган эди. Вазни минг қадоқдан ҳам оғирроқ келган балиқлардан талайини кўрган, ўзи ҳам бир маҳал шундай хилидан иккисини тутган, аммо ҳеч қачон бундай ишни бир ўзи қилишига тўғри келмаган эди. Мана энди умрида кўзи билан кўрмаган, қулоғи билан эшитмаган бу қадар катта балиққа очиқ денгизда, ёлғиз ўзи чамбарчас боғланиб ўтирибди, чап қўли эса бояги-бояги, акашак. Гўё бургутнинг юмуқ панжаларига ўхшайди.

      «Бе, қўлим ёзилиб кетади ҳали, – деб ўйлади у. – Жилла СКАЧАТЬ