Бўлинма командирлари шовқин-сурон билан жойларидан туриб ташқарига йўл олишди. Ютаро Тода тик турган ҳолатда полковникка диққат билан қаради.
Исикура яна бир бор хона бўйлаб юрди-да, поручикка яқинлашди. У ўтирмади ва кичик офицерни ҳам ўтиришга таклиф этмади.
– Поручик, ўзингизни яхши томонлама ва ақлли офицер сифатида кўрсатдингиз. Сиздан кўнглим тўқ. Агар келгусида ҳам вазифангизга худди шундай қунт билан ёндашсангиз, тез орада хизмат мавқеингиз кўтарилишига ваъда бераман.
Ютаро Тода ихтиёрсиз жилмайди, командирдан мақтов эшитиш ёқимли эди.
– Сизга махсус ва масъулиятли вазифани топширмоқчиман, – Исикура айтаётган сўзлари муҳимлигини поручик ҳис этиши учун бир зум тин олди. – Яъни жанговар разведка операцияси. Ишончим комилки, партизанлар қўлга киритилган юкларни Соломбалага, айнан ташландиқ кемаларга яширган. Сиз тахминларим тўғрилигини тасдиқлашингиз керак. Ярим рота аскарни ихтиёрингизга олиб, Соломбалага жўнашингизни буюраман. У ерни батафсил текширинг, ҳар бир уй, ҳар бир кемани синчиклаб қаранг. Агар олиб қочилган қуролларни излаб топсангиз, уларнинг режасини йўққа чиқариш билан бирга кўплаб оқ гвардиячилар ва бизнинг аскарларимиз жонини ҳам сақлаб қолган бўласиз. Буни тушуняпсизми?
– Худди шундай, – қисқа жавоб берди поручик.
Полковник оқ оралаган калтагина мўйловини бармоқлари билан текислаб қўйди.
– Партизанлар қуролларни кемаларга эмас, бошқа ерга яширган бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳам бир тахмин. Лекин барибир эмасми? Ишончим комилки, улар Соломбалага жўнашган. Энг яқин эҳтимол шу. Бошқа қишлоқлар Архангельскдан жуда олисда жойлашган. Барибир қанақадир изларни топасиз. Қидирувларингиз натижалари ҳақидаги хабарларингизни махсус одам орқали юборинг. Соломбала билан телефон алоқаси йўқ, бўлганида ҳам фойдасиз эди. Партизанлар кўпинча уларни кесиб, ўраб олиб кетишади. Тиклашга улгурмаяпмиз. Ҳозирча ҳаммаси шу.
Дарвоқе, яна битта гап. Соломбалада сизга таржимон керак бўлади. Отрядингизга прапоршик Борисов бириктирилади. У японча гаплашади, бошқа бир қанча тилларни ҳам билади. Прапоршик сизга бўйсунади. Унга қаттиқроқ туринг, у саводли офицер, лекин ўзини анча баланд олади.
– Тушундим, – деди Ютаро Тода. – Буйруқни бажаришга рухсат берсангиз.
– Рухсат бераман, – полковник поручикнинг қўлини сиқди, бу унинг учун камдан-кам ҳолларда қилинадиган одат эди. – Сизга ишонаман.
Ютаро Тода штаб жойлашган уй айвонига чиқди ва атрофга боқди. Кўрганлари уни қувонтирди. Икки соатларча олдин уй томлари, нам ер ва ёйилиб кетган кўлмакларни савалаётган ёмғир тинганди. Намлик билан тўйинган ҳаводан зўрға сезиладиган бинафшаранг тутун тараларди. Булутлар СКАЧАТЬ