– Жаноб офицерлар, – Исикуранинг овози кескин эди ва жаранглаб эшитиларди, – аҳволимиз ёмонлашмоқда. Ҳозиргина қўшинларимизнинг бош штабидан хабар қилишди. Кеча партизанлар қуролларимиз, турли ҳарбий анжомлар ортилган карвонимизни қўлга киритибди ва таъқибдан қочиб қутулибди. Кучли жала барча изларни йўқотиб юборган. Лекин улар руҳ эмас ва вақтни бой бермасак, қидириб топсак бўлади. Партизанлар ўчоғи ҳамда улар қуролларни бекитган жойни топиш, албатта, шарт. Эндиликда тиш-тирноғигача қуролланган бу одамлар, аминманки, йирикроқ бирлашмалар тузиб, тунги ҳужумлардан кундузги, кенг кўламли ҳаракатларга ўтади. Буларнинг барига тайёр туришимиз ва олдиндан чоралар кўришимиз зарур. Энг аввало, огоҳликни кучайтириши миз, батальон, рота ва взводларимизни тўлиқ жанговар ҳолатда ушлаб туришимиз керак. Шаҳарнинг тунги муҳофазаси ва қўриқлаш хизматини йирикроқ бўлинмалар билан кучайтиришимиз керак…
Полковник сўзлашдан тўхтади, яна девор олдида юришда давом этди ва Россия шимоли харитаси олдида тўхтади. Муҳим хабардан эсанкираб қолган офицерлар уни диққат билан тинглашарди. Қаерлардадир жанг давом этар, улар эса, умуман олганда, Архангельскда тинчгина яшаётгандилар. Исикуранинг сўзларига қараганда, уруш энди бу ерга ҳам етиб келади. Кўп йиллик хизматни ўтаб қўйган катта ёшдаги офицерлар ташвишлана бошлаган, поручик Ютаро Тода эса, аксинча, жонланганди. Ниҳоят, зерикарли тартибдаги гарнизон хизмати тугайди ва ҳақиқий иш бошланади. Охири йўқ қоровуллик хизмати унинг жонига теккан, энди янги таассуротларни хоҳларди. Поручик одмигина кийинган, мудом қовоғи солиқ ва кулбаларидан ташқарига чиқмайдиган маҳаллий аҳолининг яхши ўқитилган мунтазам қўшинга қарши чиқишига, уларни ҳатто чекинишга мажбур қилишига сира ишонолмасди. Ҳар ҳолда, Ютаро Тода ҳали ҳақиқий поморлар билан тўқнашмаган, Архангельскнинг ўзида ва атрофидаги қишлоқларда эса фақатгина чоллар, кампирлар, болалар қолишган, улар ҳақида жиддийроқ гапиришга ҳожат бўлмаганди.
Полковник бир неча сония харитани кўздан кечирдида, сўзида давом этди:
– Аввал айтганимдек, партизанлар танасиз руҳлар эмас. Келинг, улар қаерга бекиниши мумкинлиги ва қўлга киритган қуролларни қаерга яшира олиши ҳақида ўйлаб кўрайлик. Мана бу ерда қуюқ ўрмон жойлашган.
Исикура қалами билан харитадаги яшил доғни белгилади.
– Лекин улар бу ерга йўналгани даргумон. Кучли ёмғир ва совуқ ҳаво пайтида ўрмон яхши бошпана бўлол майди. Мабодо олдиндан ертўла ва омборхоналарни тайёрлаб қўйишмаган бўлса, албатта. Лекин бундай қилмаган бўлишса керак. Отрядларида одам кам, ўрмонга мослашиб яшаш кўп ишчи кучини талаб қилади. Эсингиздами, қишда, қор ҳақиқий муз қатламга айланганида, биз ўрмон четини, кейин ичини ҳам текшириб, шубҳали ҳеч нимага дуч келмагандик. Кўплаб одамлар бир ердан иккинчи ерга кўчса, буни яшириб бўлмайди, қордаги излари сотиб қўяди. СКАЧАТЬ