СКАЧАТЬ
Мен ҳам сизга ўхшаган бир одамман, сизга ўхшаган раҳбарман. Фарқимиз – ёшимиз ва лавозимимизда. Тўғрими? – Ғиёсовни баттар тер босди. Чўнтагидан рўмолча олиб, пешона терларини артгиси келди. Бироқ “йўл-йўриқ”да бу кўрсатилмагани учун ўзини тийди. Бобоевнинг саволига жавоб ҳам бермади. Секин бош ирғиб қўйди, холос. Энди раҳбарнинг гапириш оҳанги бироз ўзгарди, озгина расмий тус олди. – Ўртоқ Ғиёсов, биласиз, вилоятимиз учун иқтидорли ёш кадрлар керак. Афсуски, бу борада мақтанолмаймиз. – Бобоев бироз сукут сақлади. Қаламларни кафтлари орасида ишқалашни тезлаштирди. Сўнгра яна ҳам жиддий оҳангда сўзини давом эттирди. – Хабарингиз бор, идеология бўйича секретаримиз анчадан бери бетоб. Жиддий операцияни бошидан ўтказди. Энди у кишининг ишга чиқиши даргумон… Албатта, унга бирон-бир енгилроқ иш берамиз. Аммо олдинги вазифасида ишлаши қийин… – Бобоев оғир тин олди. – Биласиз, Журъатжон, бу соҳа жуда оғир, энг ғалвали соҳа. Саноатда, қурилишда, қишлоқ хўжалигида ҳам қилинган иш кўринади: фалон иншоот қурилди, режа мунча фойизга бажарилди ва ҳоказо. Идеология бундай эмас, бу соҳадагилар одамларнинг онги билан, қалби билан ишлаши керак, уларнинг дунёқарашини, тафаккурини ўзгартириши лозим. Бу энг қийин масала. Ўнта завод қуришдан ўнта одамни тарбиялаш, тўғри йўлга бошқариш оғирроқ. – Гап андови қаёққа кетаётганини Ғиёсов англади. Ва бу таклифга нима жавоб беришни ўйлай бошлади. – Қолаверса, бугун талаб бошқача, замон ўзгача. Мафкурага эътибор кучайган. Соғлиғи яхши бўлмаган, давр билан ҳамқадам юролмаган одам катта бир вилоят мафкурасини бошқариши қийин. Сиз нима дейсиз, гапим тўғрими?