Ғиёсов гўшакни қўйдими-йўқми – билмайди, миясига қон қуйилгандай, боши ғувиллаб ўтириб қолди. Хаёли минг бир кўчага кириб чиқди. “Нега бундай деди? Ҳайкалнинг бурнига нима бўлди? Нима учун бундай деб сўради? Қаёққа кетади ҳайкалнинг бурни? Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас…”
Журъат Ғиёсов ўзини қўлга олди. Соатга қаради: бир! Нима қилиш керак? Ҳар дақиқа ғанимат. Гўшакни кўтарди-да, ўзи ишонган йигитларга қўнғироқ қилди. Уларга зудлик билан ҳайкал олдига келишни тайинлади. Ўзи апил-тапил кийиниб йўлга тушди.
Улар ҳайкал олдида тўпланганда соат бир ярим эди. Ҳайкал оқ мато билан ўралган, аммо унинг бурни чиндан ҳам йўқ эди. Ғиёсовнинг ичида бир нарса узилгандай бўлди. Бироқ буни ҳеч кимга билдирмади. Ёнидагилардан сўради:
– Нима қилиш керак? Буни тузатишнинг қандай иложи бор?
– Милиция бошлиғини, прокурорни чақириш керак, – деди кимдир.
– Улар ҳозир нима қилиб беради? … Масалани разбор қилиб ўтиришга вақт йўқ. Зудлик билан буни тузатиш чорасини кўрмоғимиз шарт… – У ўйга толди.
Йигитлардан бирини четга тортди. Иккови алланималарни гаплашди. Ғиёсов тушунтирар, йигит бош ирғаб маъқулларди.
Ғиёсов ёнидаги бошқа йигитдан сўради.
– Ҳайкалтарош шу ердами?
– Ҳа. Меҳмонхонада дам олаяпти.
– Ичмаганми, ишқилиб?
– Йўқ, – деди йигит. – Кечқурун овқат пайти ичмоқчи эди, қўймадик, эртага сўзга чиқасиз, раҳбарлар олдида ҳиди келиб турса бўлмайди. Тадбир ўтгандан кейин қанча ичсангиз бемалол, дедик.
– Яхши қилган экансизлар. Аҳмад билан унинг олдига боринглар. Секин уйғотиб, ўзига келтириб, ётиғи билан вазиятни тушунтиринглар. Ваҳима қилмасин, оғзидан гуллаб қўймасин. Кўнглини топинглар, рози қилинглар. Бу ерга олиб келинглар. Бир-икки соат ичида шу ишни тўғрилаб бериши шарт. Унга нима керак бўлса, ҳаммасини топиб беринглар.
Ҳамма ўз ишига тарқалди.
Ғиёсов бир чеккадаги скамейкага ўтирди. Гарчи апрель охирлаб қолган бўлса-да, ҳаво анчагина салқин эди. Бунинг устига тун. Ғиёсовнинг бўйи баланд, қадди-қомати келишган, кийим жуда ярашиб туради. Бунинг устига мунтазам спорт билан шуғулланади. Район аҳли райкомимиз доимо қиличдай бўлиб юради, деб фахрланади. У чиниққани учун унча-мунча совуққа парво қилмайди. Ҳозир эгни енгил бўлганиданми ёки вазиятданми эти жунжикди. Бироқ буни ўйлайдиган пайт эмасди. Унинг миясини бир савол пармадек ўярди: “Кимнинг иши бу? Кимга, нима учун керак бўлди бу ўйин? Донобеков қаердан билди? Ким айтди экан унга? У менга нима учун хабар қилди? Бир чеккаси ўзига ҳам тегишидан хавотирга тушдими? Унинг ўзи бу ишга масъул-ку! Шундан қўрққан! Ҳа, худди шундай. Бўлмаса икки дунёда ҳам менга хабар бермасди… Хўш, хабар беришдан мақсади нима? СКАЧАТЬ