Мажлисдан бош чайқаб, афсус билдириб тарқалдилар. Мусонинг назарида, одамлар пулидан ажралган қизларга эмас, пулни олган одамга ачинаётган-дек, тўғрироғи, уни назарда тутиб, «Шундай йигит-а!», деяётгандек эдилар.
Йўқолган пул икки кунча одамларнинг оғзида ширин сақич бўлди. Ҳеч ким ўзида терговчилик масъулияти, жавобгарлигини ҳис қилмагани учун, орқаворотдан икки-уч киши ўғри деб топилди, барча яхши-ёмон томонлари тарозига солингач, яна орқаворотдан оқланди. Шундай қизиқ воқеани бошқа жойда айтиш қатағон этилгани сабабли, гап фақат ишхонада қизиди. Учтадан йигирма бешталик, тўрттадан беш, биттадан уч сўмлик экан йўқолган пуллар. Мунаввар Ҳалима опа берган эллик сўм қарзини қайтариши, Карима пул қўшиб, қишлик пальто олиши керак экан. Ноинсоф шу муштипарларнинг ҳақига кўз олайтирибди. Кейин умуман ўғрилик ҳақида гап кетди. Тўртта одам йиғилган жойда қадим замонлардаги каллакесар, йўлтўсар, тоштешар, қулфбузар, чўнтаккатушар ўғрилар ҳақида даҳшатли ва қизиқарли ҳангомалар айтилди. Хуллас, Насриддин афанди қирқ ўғрини қандай алдаган бўлса, ишхонадаги бир ўғри қирқ тўғрини шундай лақиллатди – уни ҳеч ким тополмади.
Бу ҳангомалар босилгунча Мусо ўзини ўзи еб қўйди, бироқ, хайрият, ҳеч ким ундан шубҳаланмади, унинг ҳам кўнгли тинчиди. Ҳамма қаторида ёрдам маъносида ундан ҳам беш сўм сўрашганда, гуноҳдан фориғ бўлгандек, жуда енгил тортди. Агар ундан гумонсирашса, боёқиш камбағал, ўзини қандай оқлашни ҳам билмасди: директорга пулим йўқ, деб ким кўзёш тўкди – Мусо; доим тушликка ким қарз сўрайди – Мусо; кимнинг ойлиги кам – Мусонинг; ойлиги кам бўлса ҳам, тез-тез ресторанларда ким давру даврон суради – Мусо (айш-ишратга қайдан топади?); ким қизларнинг хонасида лақиллаб юради – Мусо; энди, худди ўша куни айни тушлик пайтида ишхонада ким қолган эди – Мусо-да!
Ҳамкасбларини қўяверинг, шунча далил-исботни синчиклаб таҳлил қилиб чиққан Мусо ҳам қизларнинг стипендиясини ўзи эмас, бошқа биров илиб кетганига жуда-жуда ҳайрон эди.
Орадан икки ҳафтача вақт ўтди, Мусо бу гапларни эсидан чиқариб юборди. Ширинсақйчнинг ҳам ширини кетди шекилли, одамлар уни туфлаб ташлаш-ди. Мусога Шибутани деган америкалик олимнинг «Социал психология» деган китоби жуда зарур эди, сўроқлай-сўроқлай, охири бир файласуф дўстиникидан топиб келди. СКАЧАТЬ