У ўзи қилиб юрган ишлари учун қачондир жавоб беришга мажбур бўлишини олдиндан билар, аммо бу кун худди шу бугун етиб келишини билмаган эди. “Келмайман деб кетган одам қайтиб келишини ким билибди?” Бир лаҳзада унинг хаёлидан бир кечалик ҳузур учун Кларани уйига олиб келиб, кечирилмас хато қилиб қўйгани, энди ҳаммаси тамом бўлгани чақмоқдай ярақлаб ўтди. Бу хато бошқа бир фожиани бошлаб келишини, Муқаддам уни ҳеч қачон кечирмаслиги энди аниқ тушунди. Охирида энг катта фожиани ҳам тушунди. Йўқ, у ўғлини – ўзи учун шу қадар яқин бўлиб қолган, юрагининг бир парчасига айланган Шавкатни энди ҳеч қачон кўролмаслигини ўйлади-ю, зинадан яланг оёқ пастга отилди. Йўқ, ялиниб-ёлвориб бўлса ҳам тўхтатиб қолиш керак!
Алимардон зах ерда сакраб-сакраб Муқаддамнинг кетидан югурди. Дарвоза тагида етиб олди.
– Муқад… – деди ҳаллослаб.
Муқаддам кескин ўгирилиб қаради. У энтикиб нафас олар, қоронғида ўт бўлиб ёниб турган кўзлари чарақлар эди.
– Муқад… – деди Алимардон қўл чўзиб. – Мен…
– Қоч, виждонсиз! Йўқол, ифлос! Ювуқсиз! – деди Муқаддам чинқириб. Бирдан қўлидан Шавкат сирғалиб тушиб кетаётганини сезиб, кўтариб маҳкам бағрига босди.
Эшикдан отилиб чопиб чиқиб кетди. У йиғлагиси келар, аммо йиғлай олмас, туртиниб-туртиниб чопиб борар, бола чириллаб йиғларди. Бир ерга борганда оёғи тойиб кетди. Аммо Шавкатни қўйиб юбормади. Чўккалаб олганича болани маҳкамроқ бағрига босди. Беихтиёр орқасига қаради. Катта кон уй ваҳима ичида қорайиб кўринар, битта, фақат битта деразадан ифлос нур тўкилиб турарди.
Шундагина у Шавкатнинг бошига юзини босганча ўксиб-ўксиб йиғлаб юборди. Ҳа, у сезар эди. Эрининг саёқлигини, ўзига хиёнат қилаётганини сезарди. Аммо бу хаёлдан даҳшатга тушиб, ўзини алдар, уни пок деб ўйлашга мажбур этарди.
Бир вақтлар мана шу уйга ёр-ёр билан кириб келганини ҳалигина орзиқиб эсламаганмиди!
Ҳа, бу ювуқсиз бошидан уни бахтиқаро қилган эди. Охирида ҳам бахтсиз қилди! Шунча йиллардан бери бир сўзини икки қилмай ҳукмига бўйсуниб келганида, вақти келиб аллақандай хотинлар билан тўшагини ҳаром қилишини билганида эди!
Мунчалар шўр бўлмаса бу пешонаси!
У ҳамон ҳиқиллаб-ҳиқиллаб борар, қаёққа кетаётганини ўзи билмас, уйига қайтай деса, баджаҳл отасининг ғазабидан қўрқар, осмони фалакда осилиб турган юлдузлар совуқ кўз ёш тўкиб юм-юм йиғлар, фақат Шавкат овуниб қолган эди. У онасига нима бўлганини тушунмоқчидай қоронғида кўзларини жавдиратиб борарди.
Қуёш бахтидан энтикканларга ҳам, ғамидан бағри қон бўлганларга ҳам баравар нур сочаверар экан. Уч ҳафтадан буён Муқаддамларнинг ғам юкини кўтаролмай жимжит бўлиб қолган кафтдек ҳовлисида баҳор гуруллайди. Тип-тиниқ, чуқур осмонда тоғ-тоғ булутларни кўчириб юрган кўклам сабоси эл қатори бу ҳовлига ҳам илиқ томчилар СКАЧАТЬ