Мавлоно саволнинг бу даражада жиддий тус олишини олдиндан билган эди, дарҳол жавоб берди:
– Чунки Ҳазрати Муҳаммад кунда беҳисоб даражаларга юксалар, ҳар мақом ва мартабага етганида аввалги билим ва хаёлотидан истиғфор айтарди. Шу тарзда Пайғамбар ҳеч бир мақомда ва ҳукмда тўхтаб қолмай, ўзини абадиян поклаб борадиган Раббим ҳамда унинг барча тажаллийлари ичра ҳам юксалиш ва покланишга молик бўлган эди. Мутасаввуф Боязид Бистомий эса етишган илк мақомининг сархушлиги ичра ўзини йўқотиб қўйди, шу мақомда қолди ва дарҳол шу сўзни сўйлади…
Дарвеш жавобнинг улуғворлиги олдида дош бера олмай, титраб кетди, ҳайқирганча ҳушдан ажраб ерга йиқилди. Мавлоно ҳаяжон ичра хачиридан тушиб, дарвешни қўлтиғидан тутиб кўтарди.
Айни дамда икки уммон гўё бир-бирига қовушгандек эди. Дарвеш ўзига келиши биланоқ, улар азалдан бир-бирига таниш икки дўст каби қучоқлаша кетишди. Мавлоно дарвешнинг қўлтиғига кириб, ҳеч нима демай уйига, мадрасаси томон етаклади.
Ушбу ҳолатни чуқур ҳайрат ичра томоша қилиб турган муридлар ва оломон бу ҳодисот сирини англаб ета олмай, бир-бирини қучганча кетиб бораётган икки зотнинг ортидан боқиб қолишди, холос.
МАВЛОНОНИ МАВЛОНО АЙЛАГАН ТАБРИЗЛИК ШАМС
Хўш, кўча ўртасида Мавлононинг йўлини тўсган, берган бир жуфт саволига олган жавобни эшитиб ҳушини йўқотиб қўйган, дарвеш қиёфасидаги бу асрорангиз қария ким эди? Бу зот олим ҳамда мутавозе бир сўфийни тубсиз ишқ денгизига ғарқ этган, уни ишқ қозонида ёқиб-қовурган, қисқаси, Мавлонони Мавлоно айлаган Табризлик Шамс эди.
Айтишларига қараганда, У озарий туркларидан Маликдод ибн Али деган бир зотнинг ўғли бўлиб, Табризда туғилиб, улғайган эди. У болалигиданоқ турфа ҳоллари, ғаройиб хислатлари билан кўпчиликнинг диққатини ўзига жалб қилган эди. Айниқса, болалигида руй берган оддийгина бир ҳолат унинг буюк келажагидан дарак берарди: отаси билан бирга дарё қирғоғи бўйлаб сайр қилишаркан, товуқ остидаги тухумлардан чиққан ўрдак болалари дарёга отилиб, юза-юза нариги соҳилга чиққан бўлишига қарамай, товуқ сувга туша олмай, соҳилда қоқолаганча зир югурарди. Бу манзарани томоша қилиб турган ёш ва мағрур Шамсиддин отасига шундай дейди:
– Бу ҳолга боқинг, ота!.. Гўё сиз билан менинг ўртамиздаги ҳолга ўхшайди. Товуқ соҳилда типирчилаб тургани ҳолда жўжалари сувга тушиб, нариги бетга ўтишди. Маслаклар, саъжиялар ўртасида қанчалар фарқ борлигини кўрдингизми?..
Мавлавий ҳақидаги кўпгина манбаларда Шамсиддин Нажмиддин Кубронинг халифалари бўлмиш Бобо Камол ёхуд хилватия силсиласидан бўлмиш Қутбиддин Абҳар халифасининг дарвеши сифатида қайд этилади. Ҳолбуки, Шамс ўзининг “Мақолот” асарида “Менинг Табризда Абу Бакр исмли бир шайхим бор эди. Сават ясаб кун кечирарди. Ундан жуда кўп илм ўргандим. Бироқ менда бир нарса хислат эдики, уни шайхим кўра олмасди. Зотан, уни ҳеч ким ҳам кўрмаган эди, айнан шу нарсани пиру устозим Мавлоно кўрди…” дейиш ила илк шайхи сават тўқувчи СКАЧАТЬ