Бу жойда рўй берган воқеа кунлардан бир кун унинг ҳаётига бурилиш ясашини ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаган эди. Етти ёшли, янги келган Зайнаб исмли қизчанинг қулоғидаги тилла зираги йўқолишидан бошланди. Қизча чинқириб йиғлар, атрофида тўпланганларга парво ҳам қилмасди.
– Нима гап? – тарбиячилар, ҳатто энагалар ҳам у томон югуришди.
– Зирагимни йўқотдим, биттаси йўқ, ойим олиб бергандилар, ойижонимдан эсдалик эди. Энди нима қиламан…
– Йиғлама, топилиб қолар, у ёқ-бу ёққа тушиб қолгандир.
– Ҳа, ҳа, уни ҳеч ким атай олмаган, ахир қулоғингдан ечмагансан-ку, кимдир тортиб олса ўзинг кўрардинг, – болалар бирин-кетин уни юпатмоққа тутиндилар.
– Келинглар, излаймиз.
– Йиғлама, Зайнаб, ҳозир ҳаммамиз уни қидирамиз, кўрасан, ҳадемай топилиб қолади.
– Қаерларда юрувдинг ўзи?
Бу каби таскинлардан қизча бироз тинчиб, уларга ишонч, умид ва миннатдорона тикилди. Ҳамма кеч тушгунча зиракни излади, ҳатто бундан Нафосат Розиқовна ҳам хабар топиб, у ҳам ташвишга тушиб қолди.
– Топилармикин, эҳ худойим, Хатира қизим, бирон янгилик борми? – у ҳозир анча жойларни болалар билан титиб келгач қизга юзланди.
– Йўқ, опа, – маҳзун овозда жавоб қилди қиз, – тополмадик, бечора қизчага қийин бўлди, онасидан ёдгор экан, овуниши роса қийин бўлади энди.
Директор эса олисларга тикилганча жим турар, унинг хаёлидан нима ўтаётганини ҳеч ким билолмасди. Ниҳоят “тополмадик” сўзидан яна йиғлашни бошлаган қизча ёнига келди.
– Болагинам, қани бу қўлингдагини кўрсат-чи?
– Йўқ, йўқ, – қизча қўрқув ва ваҳима билан унга қаради.
– Тинчлан, биласанми, ҳали бирон жойдан зирагинг чиқиб қолар. Эртага эса Хатира опанг сени шаҳримиздаги энг катта магазинга олиб боради, бундан-да чиройлисини иккалангиз танлайсиз ва сотиб оласизлар.
– Пулим йўқ-ку.
– Нима деяпсан, қизалоғим, пулни мен бераман, бу ерда мен ҳам сенинг онангман-ку, тўғрими, булар опаларинг, холаларинг, буни эса асраб қўямиз. Мабодо топилса иккаласини яна тақаверасан, топилмаса бундан чиройли узук ясатиб бераман, унгача у менда туради, хўпми?
– Ростдан -а, – қизча қувониб кетди.
– Ростдан, эшитяпсанми, Хатира қизим, эртага борасизлар, бугун кеч тушди, мана пул, яна томоша ҳам қиласизлар ва энг чиройлисини танланглар.
Кейин СКАЧАТЬ