Шу тобда унинг юзлари шунақа ёришиб кетдики, кўзлари чақнарди. Аллақандай гаплари туфайли улар ҳеч нарса харид қилмади. Ёқмади шекилли дея ўйлади Хатира уларни эринмай кузатаркан. Ниҳоят улар оҳиста Хатира ёнидан ўтиб кета бошладилар.
– Энди бошқа магазинларга бориб тўйга тақинчоқлар танлашса керак, бунча бахтлисан, азизим Ибрат, шодон кунларинг муборак бўлсин. Улар олдида мен кимман… – қизнинг кўзлари жиққа ёшга тўлди, – мен сенга халақит қилмайман, азизим, паналардангина сенга бахт тилаб ўтаман, севгилим. Мендай бахти қаро қиз учун яна нима керак. Бироқ сени шунчалар соғинганманки, шунчалар, оҳ… Сени кўрмаганимга, гаплашмаганимга йигирма йил бўпти, йигирма йил. Бу айтишга осон. Бу орада қанча воқеалар, кўргуликлар бўлмади дейсан. Мени унутганинг шундоқ билиниб турибди. Бироқ кўнгил учун ҳар ҳолда мени қидирганинг, ёдлаганинг, газетадаги эълонинг учун раҳмат.
Ибрат эса ҳамроҳлари билан қизнинг шундоққина ёнидан ўтиб кетар, унинг чеҳрасида маъюслик уфуриб, бир қўли билан бўйнидаги медальонни маҳкам бағрига босиб олган эди. Мана у унинг ёнгинасида… бир қўли… қадамлари… Қиз нафас олишга ҳам қўрқиб, ноилож уларни кузатарди. “Оҳ!.. Ибрат бу сенсан, ёнгинамдасан-у, лекин мени ҳеч қачон бу қўлларингни тутолмайман, кўзларингга боқиб болаликдаги мисол гап лаша билмаймиз ҳам. Мана қадамларинг, худога шукр, бус-бутун ва дадил эканлигини ҳис этиб турибман. Сени кўрдим, буни йигирма йил орзу қилгандим. Тирик экансан, онангнинг руҳи шод бўлади энди. Ахир, ахир баъзида биз сени ўлиб кетган деб ўйлардик ва ҳаққингга дуо қилардик. Гоҳ сени тирик дея ўзимизни ишонтиришга уриниб, бир-биримизни овутардик… Мен эса… жуда бахтсизман ва шундайлигимча ўлиб кетсам керак…”.
Дилидаги бу унсиз фарёдга чидолмаган қиз ёнида ҳеч нарсани англаёлмай, опасининг ғалати яширинишларидан ҳайрон қараб турган кичкина ҳамроҳига, ўзи каби шу ёшданоқ бахтсизликка, ғамга ошно қизчани қучоқлаб йиғлаб юборди.
– Сизга нима бўлди, опажон? Бошингиз оғрияптими?
Қизча опасини маҳкам қучоқлаб, унинг бошини силай бошлади.
– Йўқ, болажон, ўзим, ўзим… юр, – қиз унинг қўлларидан тортқилаб кўчага отилди. Ана олисда Ибрат ҳамроҳлари билан жуда ҳашаматли, қоп-қора машинага ўтирмоқда эди.
“Ибрат!” деб бақирмоққа чоғланган қалбини зўр матонат билан ушлаб турар, уни яна қайтиб бошқа кўрмаслик даҳшати шундоқ ҳам дардлардан озорда юрагига ваҳима солмоқда эди. Мабодо у ўзини кўрсатганда нима бўларди. Албатта, бу хунук, юзларини ниқоб билан тўсиб олган, қаримсиқ қизга ачиниш билан қарарди. Балки кўрганига пушаймон ҳам қилиб қолиши мумкин. Айниқса, анавилар олдида, яна қаллиғи олдида қанчалар ноқулай аҳволга тушарди. Ҳа, ҳа, шундан СКАЧАТЬ