– Вот, лампа… – деди пан Дворжек юзига табассум югуриб. Чироқ ёруғида сийрак тишлари орасидан қип-қизил тили кўриниб кетди.
– Дуруст, – деди раис ажабланиб. – Илгари ўз элида нима иш қилар экан? Сўрагин-чи, Бойғози?
Бойғози бу саволни бир амаллаб тушунтирган бўлди. Пан Дворжекнинг юзидаги табассум сўнди. У оғир тин олиб:
– Тоже.. штекло… – деди. – Кракове, город Кракове. Хороший болшой город… Жнайте?
Бойғози елкасини қисди. Пан Дворжек лабларини тишлаб, ачинганнамо бошини чайқади. Раис ўртада порлаб турган еттинчи чироқнинг сал қийшиқроқ, аммо йилтиллаб турган тиниқ шишасига ишора қилиб, Бойғозидан сўради:
– Ўзи қилганмикан?
Пан Дворжек бу саволни ўзича тахмин билан тушунди.
– А, да, шам, шам… – деб кўрсаткич бармоғи билан кўксига нуқиди.
– Бўлмаса, – деди раис юзларида қувонч порлаб. – Мана шундай шишалар қилиб бериб турсин одамларимизга…
Бойғози бир амаллаб имо-ишоралар билан раиснинг фикрини унга тушунтирган эди, пан Дворжек афсус билан бошини чайқади.
– Удоволштвием, но… нет кварс… Ну, ну пешки, пешок… – деб энгашиб ердан бир сиқим тупроқ олиб кўрсатди. Улар пан Дворжекнинг «қилардиму, бироқ қум йўқ-да», деган фикрини тахминан тушунишди.
– Песок много, вон туда… – деб Кўктепа томонга ишора қилди Бойғози.
– Не, – деб бошини чайқади пан Дворжек. – Не такой… Шпетшалний пешок… Кварс…
Бойғози ўртада порлаб турган чироқнинг шишасини кўрсатди:
– Это из чево делал?
– Пробирка…
– Какой?
– Штеклянний…
Бойғози ҳамма гапни раисга тушунтирди: пан Дворжекнинг айтишича, бир хил шишаларни эритиб, ҳар хил шаклдаги буюмларни ясаса бўлар экан. Масалан, лабораториялардаги колбалар, пробиркалар, найчалар ясалган шишалардан. Улар озгина олов яллиғида ҳам эрир, кейин хамирга ўхшаб ийланар, қолипга солиб, мис найчада пуфлаб, истаган шаклга келтирса бўлар экан.
– Мактабнинг кимё кабинетида синган, ярамай қолган шишалар кўп-ку, – деди Тўрага жон кириб. – Шуларни йиғиб келсак-чи?
Бойғози Тўранинг гапини пан Дворжекка тушунтирган эди, унинг чиройи очилиб кетди.
– Добре, жделаю…
Суҳбат тобора қизиб бораётганини, бу одамларнинг ёмон ниятда келишмаганини ҳис этган кампир, унинг ёнида ўтирган дўмбоққина қиз, ўртада индамай турган аёл ва Франтишекнинг чеҳралари анча очилган, ўзларини боягидан эркинроқ тута бошлаган эдилар. Бойғози ўқтин-ўқтин гап орасида ҳалиги оппоққина қизга ўғринча назар СКАЧАТЬ