– Жуда тўғри! – деди Ғиёс ака ўзининг таклифи маъқулланганидан хурсанд бўлиб. – Прантишка ё ўн учда, ё ўн тўртда. Камол билан Тўрага озгина бўлса ҳам ёрдам қилади-ку, эш бўлади-ку. Отаси қоровуллик қилса ҳам…
– Ҳунармандмиш, – гапга аралашди Розиқ.
– Қанақа ҳунар?
– Ҳунардақа ҳунар-да… Лампа шиша қиладиган…
– Қаёқдан билдинг?
– Билганим йўқ, кўрдим, – деди Розиқ бўйнини чўзиб. – Шишадан қиларкан. Биттасини ярим кило жўхорига… Ойим ҳам биттасини олибди. Туппа-тузук…
– Ие, қизиғу?
– Апанас чол патинка тикар экан…
– Ана, – деди раис қувониб. – Ишдан чиққан нўхта, айил, бўйинчаларимизни тикиб берса ҳам ҳарна-да. Ҳам ўзи овунади, ҳам меҳнат ҳақи олади. Иннайкейин, буларни бир амаллаб пишиқчиликка илинтиришимиз керак, уларни бизга ҳукумат ишониб юборган. Бундан кейин озиқ-овқатини ҳам, тирикчилигини ҳам ўйлашимиз лозим.
Гап шу ерга келиб тақалганда одамларнинг унлари ичларига тушиб кетди… Йўғон чўзилиб, ингичка узилай деб турган пайт. Колхоз омборидаги бор дон-дун фронтга жўнатилган.
Ҳеч кимдан садо чиқмагач, раис аста ўрнидан туриб, суҳбатга якун ясаб қўя қолди:
– Ҳа, майли, ўйлашиб кўрармиз, бир иложини қилармиз. Абдитўра, бўлмаса эртага Прантишкани ёнларингга олинглар. – Тўра ҳайрон бўлгандай ерга қаради. Раис уни тушунди. – Қандай қилиб кўндираман, демоқчисан-да, а? Ундай бўлса… – У мўйловини силаб ўйлаб турди-да, товушини бир баҳя кўтарди, – бошқаларга жавоб. Бойғози, Тўра, иккаланг қол.
Ҳамма гур этиб ўрнидан турди.
– Энди гап бундай, – деди раис бошқалар чиқиб кетгач, Тўра билан Бойғозига. – Агар хўп десаларинг, ўша кўчиб келганларнинг уйларига бориб хабар оламиз, гаплашамиз. Сен ўрисчага устасан, Бойғози, гаплашасан. Бир йўла Абдитўранинг ишини ҳам битирамиз. Бўптими?
– Бўпти?
– Қани, кетдик бўлмаса. Чироқни ўчир.
Уччалови олдинма-кейин ташқарига чиқишди. Кўзлари чироққа ўрганиб қолганиданми ё ҳали ой чиқмаганиданми, кун анча қоронғи эди. Олдинда раис, ўртада Тўра, орқада Бойғози – таёғини тақ-тақ босиб келарди. У аскарликдан яқинда, чап оёғидан яраланиб келган. Унинг отаси колхозда машҳур чўпон, СКАЧАТЬ