Танланган асарлар. Носир Фозилов
Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Танланган асарлар - Носир Фозилов страница 49

Название: Танланган асарлар

Автор: Носир Фозилов

Издательство: SHARQ

Жанр:

Серия:

isbn: 978-9943-5993-4-5

isbn:

СКАЧАТЬ кўнгли ёришиб кетди. Ташқаридан хурсанд ҳолда Фурқат чопиб кирди.

      – Анвар! Анвар! Мана, хат келибди! «Гулхан» журналидан…

      Қайси кўз билан кўрсинки, Фурқатнинг қўлида ўша, ўзи уларнинг почтасидан яшириб олган кўк конверт турарди. Юраги орқасига тортиб кетди.

      Анвар бундай разм солса, бир чеккада Маҳфуза унга кулиб қараб турибди. У ҳамма гапни тушунди; синглиси Маҳфуза акасини бадном қилмай деб, хатни секин олиб чиқиб, Фурқатларнинг почта қутисига ташлаб қўйган экан…

      Маҳфуза акасига сирли жилмайиб кўз қисиб қўйди. Анвар эса шу топда нима дейишини билмас, сингилжонига меҳри товланиб кетган, нуқул бир Маҳфузага, бир Фурқатга қараб тиржаяр; бу унинг ҳам синглисига самимий миннатдорчилиги, ҳам Фурқатнинг «Гулхан» журналидан хат олганига ҳавас қилгани, ҳам ўзига шундай хат келмаганидан таажжубга тушгани эди.

* * *

      САРАТОН

      Севги тили сўзсиз тил,

      Кўз билан кўр, дилдан бил.

      Бир қараш ё бир имо

      Билан боғланар кўнгил.

Абай

      Биринчи боб

      Арпа бошоқлари сарғайиб, буғдой бошоқларига ранг кира бошлаган, қовун палаклари таноб ёзиб, туйнаклар этик бошидай бўлиб қолган палла. Деҳқонларнинг тили билан айтганда: йўғон чўзилиб, ингичка узиладиган пайт.

      Офтоб тиккага келган, теварак-атроф иссиқдан ҳансираб, узоқузоқларда кумуш сароб имлагандай бўлади. Бундай маҳалларда жон-жониворлар ўзларини қўярга жой топишолмай қолишади. Мол учун ёз фаслининг ўзига яраша роҳатлари билан бирга чивин, сўна каби азоблари ҳам бор…

      Бизнинг Камола билан Тўра учун чинакам меҳнат энди бошланиб келаётган эди. Баъзан одамлар уларга: «Сизларники маза-да! Подани ўз ҳолига қўйиб, яйловда мириқиб дам оласизлар. Қийин бўлганда бизларга қийин: биз пахта экамиз, сув суғорамиз, энгашиб ягана қиламиз, қулочкашлаб кетмон чопамиз…» – дейишади. Бу ҳам тўғри. Аммо мол боқиш ҳам улар ўйлаганчалик осон иш эмас. Буни пода боқиб кўрган билади. Қани энди ўша, мол боқиш осон дейдиганлар бир кунгина соя-салқинсиз яйловда, пода кетида юрса-ю, кун тиккага келиб, мияни қиздириб турганида, сўна чақиб тумтарақай сочилиб кетган сигирларнинг бошини қовуштираман, деб кетидан ҳарсиллаб чопиб кўрса! Ана шунда биларди бу ишнинг улар ўйлаганчалик «маза»лигини! Иссиқда пода кетида кўтарилган қуюқ чангдан бир ютиб кўрса, ана шунда биларди бу ишнинг ҳам ўзига яраша ташвишлари борлигини!

      Пода ҳар куни офтоб тиккага келганида Белариқ бўйига – сувотга олиб келинади. Ҳозир ҳам Камола билан Тўра пода кетида чангга ботиб келишяпти. Кун иссиқ, дим бўлишига қарамай, улар устларига қалин фуфайка, пахтали шим, кирза этик кийиб олишган, бошларида қулоқ боғичлари қайтарилган қулоқчин. Эгниларидаги кийимларнинг ранги қанақалигини билиш у ёқда турсин, чанг-тўзон орасида уларнинг қайси бири Камола-ю, қайси бири Тўралигини ҳам ажратиш қийин эди. Камола оиланинг ёлғизи. Эрка ўсганлиги учунми ё болаларга кўпроқ аралашиб юрганиданми, ҳарқалай, феъл-атвори, шўхлиги, гап-сўзларидан унинг қиз бола эканини ажратиш қийин. СКАЧАТЬ