Название: Илоҳийнома
Автор: Шайх Фаридуддин Аттор
Издательство: Yangi asr avlodi
isbn: 978-9943-20-945-9
isbn:
Етармиз барчамиз орзуга, илло.
Аёлга етди ҳисса бу хабардин,
Денгизни ювди ул хуни жигардин.
Нидо солди: аё донойи асрор,
Бу шумлар дастидин жонимни қутқар.
Чу билмасмен ўзингдин ўзга касни,
Бу бошлардин чиқарғил бу ҳавасни.
Мени ўлдир, йироқ тутгил бу ишдан,
Ўлим афзал менга бундоқ юришдан.
615 Нажот бахш айла ё бергил ўлим – ўқ,
Ки бундоқ изтиробга тоқатим йўқ.
Мени чун бағрихун этдинг замонда,
Менингдек сарнигун борми жаҳонда?
У ҳушдин кетди сўнг андоқ чекиб ун,
Ки денгиз бағрида қўзғалди тўлқин.
Ва тўлқин бағридин юксалди оташ,
Ёйилди денгиз узра ўт, балокаш.
Туташди, кема аҳлин чирмаб олди,
Ёқиб, ёндирди, боз оташга солди.
620 Ҳамма кул бўлди бир зумда баҳарҳол,
Ва лекин қолди боқий сарвату мол.
Кейин ел эсди мунис, мушфиқона,
Шаҳарга бўлди кема ул равона.
Аёл сурди, супурди кемадин кул,
Ва эркаклар либосин кийди буткул.
Деди: ишқи балога учрамай боз,
Юрай эркак каби бошим тутиб ғоз.
Чиқиб халқ кўрдиким, бир кема шунда,
Ва бир барно йигит бор эрди унда.
625 Азим бир кемада ул эрди танҳо,
Бисоти – бир жаҳон юк, молу ашё.
У офтоб юзлидин халқ сўрдилар ҳол:
Нечук ёлғиз ўзингда бул қадар мол?
Деди: токи қошимга келмагай шоҳ,
Бу сирдин этмагум ҳеч кимни огоҳ.
Хабар етказдилар подшога: шул кез
Етишди кемада бир кимса ёлғиз.
Азим бир кема, унда беҳисоб мол,
Йигит айтмас бировга, не эмиш ҳол?
630 Таажжуб этди шоҳ, соҳилга тушди,
Ўшал барно йигит бирлан кўришди.
Унинг ҳолини сўрди шоҳи ҳушёр,
Деди: бул кемада халқ эрди бисёр.
Жамулжам йўлга тушдик, бетанаффус
Сузиб, йўл босди кема кеча-кундуз.
Ва кема аҳли мендек бенавога
Солиб кўз, тушдилар ҳирсу ҳавога.
Худога илтижо этдим ҳамоно,
У шумлардин нажотим берди Оллоҳ.
635 Чу оташ урди Ҳақ, битди қабоҳат,
Улар кул бўлди, мен қолдим саломат.
Мана, кўргил ўзинг, не ҳолу сирдир,
Уларнинг жисми энди кул, кўмирдир.
Менга ибрат етишди андин, асрор,
Эмасмен молу дунёга харидор.
Ҳамма молу бисотим ол, аё, сен,
Вале бир ҳожатим этгил раво сен.
Шу денгиз бўйида бир нурли маъбад
Қуриб бергил менга, айлай ибодат.
640 Буюргил, ҳар нечук яхши, ёмон кас
Бошимга келмасин, турсин йироқ, бас.
Худойимни куну тун ёд этай мен,
Ва умрим борини шунда ўтай мен…
Шаҳу лашкар эшитгач бу каломни
Ва кўргач ул каромату мақомни,
Этишди сидқи иймон бирла қуллуқ,
Унинг ҳар ҳукмига жон бирла қуллуқ.
Этишди СКАЧАТЬ