ТЕРГОВЧИ. ДОРИХОНАДАГИ ҚОТИЛЛИК. Комил Синдаров
Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу ТЕРГОВЧИ. ДОРИХОНАДАГИ ҚОТИЛЛИК - Комил Синдаров страница 3

Название: ТЕРГОВЧИ. ДОРИХОНАДАГИ ҚОТИЛЛИК

Автор: Комил Синдаров

Издательство: Yangi asr avlodi

Жанр:

Серия:

isbn: 978-9943-20-780-6

isbn:

СКАЧАТЬ Қотилликка асос ҳам бор экан, – хулосалашга ошиқди Санжарбек. – Унда сизнинг шубҳангизга нима сабаб?

      – Тўғрисини айтайми?

      – Албатта!

      – Самиғ одам ўлдирадиган йигитга ўхшамаяпти-да!

      – Одамнинг оласи ичида! Балки яхшигина артистдир, – Санжарбек тилида эътироз билдираётган бўлса-да, дилида «олдин қамоққа олиб, кейин исботлаш» йўлига ўтиб олган ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ инсон тақдирига бефарқ бўлмаган бу прокурорга хайрихоҳ эди.

      – Бўлиши мумкин, – деди прокурор босиқлик билан, – шу сабабли бизга сизнинг ёрдамингиз зарур бўлади. Гап инсон тақдири хусусида кетар экан, адашмайлик дейман-да! Бир бегуноҳ кишини қамаб юборгандан шу жиноят ўлгурнинг очилмай қолгани маъқул эмасми?

      – Устозим Фахриддин Каримовичнинг ҳам шиори шунақа эди, қарашларингиз бир хил экан, – Санжарбек таниш ибораларни эшитиб, беихтиёр устозини эслади.

      – Фахриддин Каримовични яхши танийман. Афсус, бошига ташвиш тушиб қолибди. Суди бўлдими?

      – Ҳа, ўн бир йил беришди!

      – Ўн бир йил! Вой, ноинсофлар-эй! Ҳалол, инсофли ходимларимизнинг жувонмарг бўлиб кетаётгани алам қилади! Яхшига кун йўқ экан-да! Майли, мушкулини Яратганнинг ўзи осон қилсин!

      – Айтганингиз келсин!

      Беш-олти дақиқалик суҳбат, дунёқарашлар муштараклиги ҳамкасбларни қалбан яқинлаштиргандай бўлди.

      – Санжаржон, – деди прокурор меҳрибонлик билан, – сиз жиноят иши билан батафсил танишиб чиқинг, суҳбатни кейин давом эттирамиз. Нима ёрдам лозим бўлса, айтаверасиз, ҳаммамиз сизга ёрдамчимиз!

      – Раҳмат, Азамат ака! Ёрдамим тегса, хурсанд бўлардим.

      Прокурор ички телефондан хонасига кимнидир чақирди. Зум ўтмай узун бўйли, қотмадан келган ёшгина йигит икки жилдлик жиноят ишини кўтариб, кириб келди.

      – Санжарбек, бу йигит терговчимиз Умид Хўжаев, – таништиришга тушди прокурор, – ўтган йили бизга стажёр бўлиб ишга келганди, яқинда терговчиликка ўтказдик. Ёш бўлса-да, тиришқоқ, фаҳми-фаросатли йигит. Ёпишган жойини қўйиб юбормайдиганлар хилидан!

      – Танишганимдан хурсандман, Санжар Раҳмонов, – меҳмон ўрнидан туриб, ҳамкасби билан қўл бериб кўришди.

      – Санжарбек Бош прокуратурадан, – деди прокурор «ўтиринглар» ишорасини қилиб, – моҳир терговчи, қанчадан-қанча қотилликларни фош қилган. Бизга ёрдамга келдилар. Бунақа инсонларни туя сўйиб ҳам чақириб бўлмайди. Хизмат юзасидан бирга ишлаш насиб қилган экан, Умиджон, бу кишидан фойдаланиб қолишимиз лозим.

      – Худо хоҳласа, ҳамжиҳатликда ишлаймиз, – деди Санжарбек хижолатомуз, – бир-биримиздан ўрганадиган томонларимиз кўп.

      – Меҳмонга хонасини кўрсатинг, ишлаш учун шароит қилиб беринг, гуруҳ аъзоларини йиғиб, янги раҳбарни таништиринг, – деди прокурор Умиджонга қарата. Сўнг Санжарбекка юзланди: – Сизларга омад! СКАЧАТЬ