Хизматкорлар ёллашгандан сўнг Каупервудлар вақти-вақти билан зиёфатлар уюштира бошлади. Ўзининг турмуш қургандан кейинги биринчи кунларини яхши эслайдиган одам Фрэнк уйлангандан сўнг унда пайдо бўлган ўзгаришларни яхши сеза оларди. Чунки оиланинг таъсири никоҳ ришталари билан боғланган ҳар бир одамда сезилади. Йигитнинг табиатидаги баъзи хислатлардан келиб чиқиб, у одамшаванда, обрўли оила бошлиғи бўлади, деб ҳисоблаш мумкин эди. Кўринишидан Фрэнкка оилавий ҳаёт ёқаётганга ўхшарди. У кечқурунлари кўчанинг шовқин-сурони, ур-суридан сўнг уйига қайтишдан маза қиларди. Уйда эса дарров моддий ва жисмоний томондан хотиржамликни туярди. Ёзилган дастурхон, ёқиб қўйилган шамлар (Фрэнкнинг ғояси), ҳаворанг ёки яшил рангдаги ипакдан тикилган (хотини шундай рангли либосларни жуда ёқтирарди), этаклари ергача тегиб турадиган кўйлак кийиб олган Лилианнинг бағрига интилиши, чўғ бўлиб ёниб турган катта камин – ҳаммаси йигитнинг ҳали унча етилмаган ҳисларини асирликда ушлаб турарди. Юқорида айтиб ўтилганидек, китоблар Фрэнкни қизиқтирмасди, бироқ уни ўраб олаётган мураккаб молиявий комбинацияларга қарамай, ҳаёт, суратлар, дарахтлар, севган аёли билан жисмоний яқинлик ҳақидаги хаёллар унда ҳукмронлик қиларди. У бутун борлиғи билан интилаётган нарса бойлик ва қувончга тўла ҳаёт эди. Ёшларидаги фарққа қарамай, Каупервуд хоним ўша пайтларда унга жуда тўғри келадиганга ўхшаб кўринарди. Ўзининг ярим уйқудаги ҳаётидан уйғонган аёл эса энди Фрэнкка жуда боғланиб қолган, бутун борлиғи билан унинг хоҳишларини бажо келтирар ва у билан бирга орзу қилишни яхши кўрарди.
Икковлари ҳам фарзанд кўришни хоҳлаётганди. Бу қувончли хабарни эшитиш узоққа чўзилмади. Бир куни хотини Фрэнкнинг қулоғига ширин чақалоқ дарагини айтди. Лилианнинг ўзи чексиз шод эди, авваллари фарзандсизлигига ўзини айбдор ҳисоблаб сиқиларди, бу сафар эса тақдир уни бошқача сийлаганига ҳам ажабланиб, чексиз қувониб кетганди. Унинг олдида янги уфқлар – хавотирга ўрин йўқ бўлган бахтли келажак эшиклари очилаётганди. Ўзининг фарзанди орқали қайта дунёга келиши ҳақидаги фикр Фрэнкни ҳам беҳад мамнун қилди. У кичкина Каупервуд ҳақида фахр билан ўйларди. Кўп кунлар, ҳафталар, ойлар ва ҳатто йиллар – жуда бўлмаганда биринчи тўрт-беш йил – уйга қайтиш, ҳовлисида айланиб юриш, дўстларини меҳмонга чақириш, хотини билан шаҳар айланиш, уни режаларига шерик қилишдан йигит жуда завқланарди. Аёл унинг мураккаб молия комбинацияларида ҳеч нарса тушунмас, бироқ Фрэнк ундан буни талаб ҳам қилмасди. Бироқ севги, Лилианнинг ажойиб бадани, нафис лаблари, ўзини вазмин тутиши – буларнинг кучи ва турмуш қурганларидан кейин тўрт йил ичида дунёга келган икки фарзанд йигитни бутунлай қониқтираётганди. У биринчи фарзанди кичкина СКАЧАТЬ