Айни шу пайтда Филадельфияга олдингидан анча семирган ва янада ҳукмфармо бўлиб қолган Сенека тоғаси келиб қолди ва жиянига бир таклифни айтди:
– Фрэнк, менга қара, агар иш бошламоқчи бўлсанг, сен учун яхши жой тайёрлаб қўйганман. Биринчи йил маошсиз ишлайсан, бироқ ишни уддаласанг, мукофот пули беришса керак. Иккинчи кўчадаги “Ҳенри Уотермен энд Компани” фирмаси ҳақида эшитганмисан?
– Уларнинг идораси қаердалигини биламан.
– Ана ўшалар сени ҳисобчи қилиб ишга олишга рози бўлишди. Улар – дон олиб сотувчи ва даллоллик билан шуғулланувчи маклерлар. Бир пайтлар шу соҳада ишлаб кўришни хоҳлашингни айтгандинг. Ўқув йили тугаганида жаноб Уотерменнинг олдига бориб, исмимни айтсанг, ишга олишса керак деб ўйлайман. Кейин эса нимага келишганингиз тўғрисида менга хабар берарсан.
Сенека тоға бу пайтга келиб оилали бўлган, бойлиги айтарли кўп бўлмаса-да, бироқ Филадельфиянинг юқори табақадаги одамларидан бири саналувчи обрўли бир аёлнинг кўнглини забт этганди. Ҳамманинг фикрича, бу никоҳ натижасида Каупервудларнинг алоқалари мустаҳкамланиши керак эди. Ҳенри Каупервуд айни пайтда шаҳарнинг дарёга қараган, ажойиб манзара кўриниб турадиган ва келажакда чиройли уйлар қурилиши кўзда тутилаётган шимолий қисмидаги Фронт стритга кўчиб ўтишни режалаштираётганди.
Ўша пайтларга нисбатан – Гражданлар урушидан сал олдин – жаноб Каупервуд йилига оладиган тўрт минг доллар маош жуда яхши ҳисобланарди. Жуда оқилона иш юритадиган ва эҳтиёткор Ҳенри Каупервуд ҳеч қачон пулларини таваккал ишларга тикмас ва хизматдошларининг ўйлашича, ўзининг батартиблиги, эҳтиёткорлиги ҳамда пухталиги сабаб келажакда ўзи ишлаётган банкнинг директор ёрдамчиси, эҳтимол, кейинчалик директори бўла олишига ҳам умид қилса бўларди.
Сенека тоғасининг “Уотермен энд Компани” фирмаси тўғрисидаги таклифини Фрэнк иш бошлаш учун тўғри таклиф деб қабул қилди. Шунинг учун июнь ойида у Иккинчи кўчага қараб йўл олди ва катта Ҳенри Уотермен йигитчани хушмуомалалик билан кутиб олди. Маълум бўлишича, бу ерда йигирма ёшли кичик Ҳенри Уотермен ва катта Уотерменнинг укаси бўлган эллик беш ёшли Жорж Уотерменлар ҳам бор экан. У зарур бўлса, шаҳар ташқарисидаги мижозлар олдига чиқиб кетаркан. Бу одам укаси шахсан ҳал қила олмайдиган нарсаларга жавоб берар ва янги битимларни ҳал қилар, шериклари ва хизматчиларга эса уларни ҳаётга татбиқ қилиш қоларди, холос.
Кўринишидан лоқайдгина, оёқлари калта, кўзлари атрофини қуюқ ажин босган, қориндор катта Ҳенри Уотермен ишда жуда зукко, кўнгилчан, юмшоқ ва зеҳни ўткир эди. Табиатан берилган соғлом идроки ва хушмуомалалиги туфайли у мустаҳкам ва гуркираган бизнесни йўлга қўя олди. Йиллар ўтиб у янада кучайди ва агар ўғли ҳам чин дилдан ўзини бизнесга бағишлай олса, у билан ҳамкорликда ишлашга СКАЧАТЬ