Название: Буюк Амир Темур ёқути
Автор: Озод Муъмин
Издательство: Kitobxon
isbn: 978-9943-28-858-4
isbn:
– Ҳурматли «Чироғи олам»! Мана, сизнинг сафавийлар қўлига тушишингизнинг икки тахмини. Қайси бири ҳақиқат, буниси ўқувчиларнинг ўзларига ҳавола.
– Ҳурматли «Чироғи олам»! Энди сиз менга айтинг. Аббос Сафавий нима учун сиздек дунёда ягона жавоҳирни бобурийлар давлати ҳукмдорига – Жаҳонгиршоҳга тақдим қилган. Ёки бобурийлар сизни сафавийлардан тортиб олишганми?
Аббос Сафавий ўз давлати чегараларини кенгайтиришга, ҳокимиятни мустаҳкамлашга катта аҳамият берган ҳукмдорлардан эди.
Бунинг учун у ҳеч нарсани аямаган.
Мовароуннаҳрдаги Аштархонийлар давлати мустаҳкамлангач, у бутун диққатэътиборини муҳим савдо йўли, бой-бадавлат ўлка маркази ҳамда стратегик аҳамиятга эга бўлган Қандаҳорга қаратди. Бу ўлка у пайтда бобурийларга – Акбаршоҳнинг ўғли Жаҳонгиршоҳга бўйсунарди.
Акбаршоҳ 1605 йил 17 октябрда вафот этди. У ўлими олдидан ўғли Салимни чақириб, шоҳона кийим, салла кийгизди, камарига ўзининг севимли ханжарини тақиб қўйди ва шу кундан эътиборан у валиаҳд эканлигини эълон қилди. Салим шу йил 24 октябрдан Нуриддин Муҳаммад Жаҳонгиршоҳ номи билан бобурийлар тахтига ўтирди.
Аббос Сафавий 1606 йилда биринчи бор Қандаҳорни эгаллашга уриниб кўрди. Бироқ, ҳаракатлари зое кетди. Аббосшоҳ бу билан тинчлана қолмади. Нима қилиб бўлса ҳам ўз мақсадига эришишга интилди…
…1611 йили бобурийлар саройига Аббос Сафавийнинг элчилари катта совғасаломлар билан кириб келдилар. Улар бу ташрифларининг сабабини, албатта, икки давлат ўртасидаги дўстона алоқаларни ўрнатиш йўлидаги эзгу қадам деб айтдилар. Бу ниятнинг самимийлигини исботлаш учун бошқа қимматбаҳо туҳфалар қатори «Чироғи олам»ни ҳам инъом этдилар…
Натижада, ушбу жавоҳир яна темурийлар қўлига ўтди.
Аббосшоҳнинг элчиси Аграда икки йил яшади. Атрофни обдан кузатди. Саройидаги гап-сўзлардан, сир-асрорлардан хабардор бўлиб турди. Бобурийлар ҳам дўстона қўл узатиб, 1613 йили ўз вакилларини Табризга юбордилар. Сафавийлар бу билан чекланмадилар. 1615 йилда улар яна ўз одамларини Ҳиндистонга жўнатдилар. Кўп вақт ўтмай, 1617 йил Аббос Сафавий яна ўз элчиларини Жаҳонгиршоҳ ҳузурига жуда катта туҳфалар билан юборди. Бироқ Озар ва Эрон элининг подшоҳи бу билан қониқмай, уч йил ўтгач яна бир қатор одамларни совқа-саломлар билан Ҳиндистонга жўнатди. У бу йўл билан икки қуённи урди, яъни, биринчидан, бобурийлар сафавийларнинг муносабати чиндан ҳам самимий эканлигига ишониб қолдилар, иккинчидан, у Ҳиндистондаги ички вазиятдан бохабар бўлиб турди. Бу пайтга келиб, Жаҳонгиршоҳ Қандаҳор ҳимоясига яхши эътибор бермай қўйди, сарой эса ўзаро ички жанжаллар гирдобига тушиб қолди. 1622 йилда қулай фурсат туғилди ва Аббосшоҳ кутилмаганда ҳужум уюштириб, Қандаҳорни қамал қилди ва қирқ беш кун деганда шаҳарни эгаллади.
Жаҳонгиршоҳ ўғли Шоҳжаҳонга катта қўшин бериб, Қандаҳорни қайтариб олишни буюрди. Шоҳжаҳон эса бетоб ётган отасини ташлаб узоққа кетса, тож-тахтдан ажралиб қолишини ўйлаб, бу фармонга бўйсунмади.