«Минг лаънат! – деб ўйлади ўзини сўкиб. – Арақни охиригача ичиш шартмиди?»
Пастга тушса, аксига олиб йўлак рўпарасидаги харракда Клава хола ўтирган экан. Гриша уни ёқтирмас эди. Ўлгудек эзма кампир!
– Салом, Клавдия Сергеевна! – деди қаддини ғоз тутишга уриниб.
Клава хола энсаси қотиб, юзини ўгирди.
– Кеча қанақа «қаҳрамонлик» кўрсатганингни биласанми? – деди қаҳр билан.
– Нима қипман?!
– Аҳмоқ! – Клава хола олмадек мушти билан харракни урди. – Нима ҳаққинг бор бировнинг тўйини бузишга!
– Мен? Мен бузибманми! – Гриша астсйдил ҳайратланди. – Анавининг ўзи урди-ку мени! Милицияга шикоят қиламан! – Бурилиб кетаётган эди, лаънати оёғи панд берди. Мункиб тушди.
– Борақол, – деди Клава хола ачитиб. – Кўрамиз, қўлингдан нима келаркин? Одамларга ўхшаб тўйда меҳмон бўлиб ўгирсанг, ўлармидинг? Қирқ беш йилдан бери шулар орасида яшайман, аҳмоқ! Бунақа бағри кенг халқ йўқ дунёда. Мен биламан-ку!
– Э-э! – Гриша асабий қўл силтади. – Насиҳатингизни неварангизга қилинг!
…Милицияда хайрихоҳлик билан қарши олишди. Протокол тўлдира туриб мулойимлик билан таклиф этишди:
– Экспертизага боришга тўғри келади, гражданин Васильев! Оёғингизни, бўйнингизни текшириб кўриш керак.
Гриша ўрнидан туриб кетди.
– Кечирасиз! – деди саросимага тушиб. – Мен ишга боришим керак…
«ҚУЛОҒИНГНИ ДИНГ ҚИЛГИН-У, ТИЛИНГНИ ТИЙ!»
Комиссар сут бидонни кўтариб пастга тушганда тонг отмаган, ҳаво совуқ эди. Бақатераклар шохи қорнинг оғир юки остида эгилиб, шу туришда музлаб қолгандек. Бир-икки кун эрувгарчилик бўлиб, тўсатдан яна совуқ тушди. Шунинг учун шекилли, том чеккасида узунузун сумалаклар таҳлидли осилиб етибди. Комиссар икки букланганча йўлканинг қорини кураётган Қурбонойни узоқдан кўрди. Қор қотиб қолгани учун курак ҳар текканида ғашни келтириб қартиллайди. Эгнига қалин пахталик чопон кийган, бошига жун рўмол ўраган Қурбоной кучана-кучана қорни йўлка четидаги ариққа суриб туширишга уринади.
Шу ҳам одамман, деб яшаб юрибди-да! Саҳармардонлаб кўча супуради. Қишда қор курайди. Беш вакт энкайиб намоз ўқийди. Бошига кулфат тушса, курашиш, ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш ўрнига Худога солдим, дейди-да, бўзрайиб тураверади. Начора, ота-бобосидан қолган мерос… Эшонлар эшак бўлади, дегани шу бўлса керак-да!
Яна қор бошлади шекилли! Тошкентта Россия қиши кўчиб келдими, нима бало… Москва атрофларида ҳам қор кўп бўлади. Бир ҳафсала қилса, ҳафталаб ёғади. Қирқ биринчи йил декабрида шундай бўлганди. Совуқ! Гапирган гапинг оғзингдан муз бўлиб тушаётгандек… Фашист Москва остонасига келиб қолган, қочоқлар, ваҳимачилар кўпайган… СМЕРШ-чилар жасорат кўрсатмаса, ким билсин, нима бўларди бу еғи! СМЕРШнинг оддий лейтенантини кўрса, унча-мунча полковникнинг қути ўчиб кетарди… СКАЧАТЬ