“Директорликка бунинг номзодини кўрсатиб чакки қилмадим. Жуда куйди-пишди йигит. Ўз фанини, умуман мактабни, болаларни яхши кўради. Ана шундайлар директор бўлгани тузук”.
– Ҳозир сизни ўйлаб ўтиргандим.
– Мени? Қизиқ-ку!
– Ҳа, сизни, – деди Алмат ака шогирдига синовчан тикилиб. – Биласизми, мен ҳозир районо мудирининг олдидан келяпман…
Алмат ака бўлган гапнинг ҳаммасини айтиб берди.
– Бундан бир ойча илгари ёш шоирлар билан учрашув ўтказмоқчи бўлганингизда мен қатнашолмайман, деганим эсингиздами? Сабабини энди билдингизми?
– Қўйинг домла, биз адабиётни сизчалик тушунишимизга ҳали анча бор.
– Йўқ, ўғлим. Гапларимни сохта камтарлик, деб ўйламанг. Бори шу. Сизга айтадиган муҳим гапим бор. Менинг аризамга қўл қўйди.
Муаллим ўрнидан сапчиб туриб кетди.
– Нималар деяпсиз, домла?! Мактабнинг ҳоли не кечади?
– Хавотир олманг. Ҳаммаси яхши бўлади… Майли, ҳозир йўлдан қолманг. Бошқа гапларни эртага мажлисда гаплашамиз. Хайр, омон бўлинг…
…Улар ота-болалардай хайрлашди. Алмат ака шогирдининг орқасидан қараб қолди. Унинг юришида қандайдир вазминлик, салобат бор эди. “Уялтирмайди… Ишонаман…”
Қиссалар
КЎККЎЛ
Сочидан қайтганидан сўнг Ботир хаёлчан, камгап бўлиб қолди. Ишхонасидагилар, дўстлари ҳайрон. “Дам олишдан келган одам қувноқ, тетик бўлгучи эди, Ботир тескариси…” Бу гапни унинг ўзига очиқ айтганлар ҳам топилди. Аммо аниқ жавоб ололмадилар.
Кунлар ўтди, ойлар ўтди. Ботирнинг хаёлчанлиги тарқамади. Аста-секин бу ҳолнинг боиси дўстларига бир қадар равшанлашди. Унинг гапларидан аён бўлди. Ботир асосан икки мавзуда сўзлашди: бири – севги, иккинчиси – Озарбайжон. Дўстлари ўзаро тахмин қилишди: “Ҳойнаҳой бу бола дам олишга борганда биронта озарбайжон қизини яхши кўриб қолганга ўхшайди”.
Бир куни Ботир Бокудан хат олди. Бундан хабар топган ҳамкасблари бояги гумоннинг тўғрилигига иймон келтиришди. Қитмирроқлари “Ҳа, Ботирвой, насиб этса, Бокуга тўйга борар эканмиз-да”, деб учирма ҳам қилишди. Ботир бу гапларга эътибор бермади. Унинг хаёли чўнтагидаги хатда: “Нима деб ёзди экан? Гулгинанинг ўзи ёздимикан ёки отасими? Кечикиб кетганидан энди жавоб келмаса керак, деб ўйловдим. Барибир ёзипти-да…” Хатни очиб ўқий деса, ҳамхонаси шилқим, эзма бир одам. Кўрингандан суюнчи олиб юради. Аксига олиб хонадан чиқмай ўтиришини қаранглар.
Ботирнинг юраги сиқилиб кетди. Чекиш баҳонасида ташқарига чиқди. Холироқ бир жойга ўтди-да, апил-тапил конвертни очди, чиройли ҳуснихатда битилган хатни ютоқиб ўқий бошлади.
“Ботир муаллим, салом! Мактубингизни олдим. Ташаккур. Аҳволингиз нечук? Дашканда не хушхабарлар вар?
Манимда, Жалил муаллимнида тани сағ, ҳамиси яхши.
СКАЧАТЬ