Демак, энди бемалол мактуб битавериши, имкони топилганда телефон қилиши мумкин.
Шундай бўлди. У хатлар ёзди. Гулгинадан жавоблар олди. Бокудан мактуб олган куни – Ботир учун байрам. Телефонда эса Гулгина билан икки мартагина гаплаша олди, холос. Унда ҳам қисқагина ҳол-аҳвол сўрашишдан, бир-бирини Тошкентга ва Бокуга таклиф этишдан нарига ўтолмадилар. Ботир кўнглида бир дунё гаплар билан киради телефон кабинасига. Гулгинанинг юракни сариёғдай эритиб юборувчи сўзларини эшитгач, бутун гаплари эсидан чиқиб кетади, довдираб қолади…
Бир йил ана шундай ўтди.
У энди сабрсизлик билан таътилни кутди. Бугуноқ таътилга чиқса-ю, қанот боғлаб Бокуга учса…
“Тошкент-Боку” самолёти тонг ёришганда ердан кўтарилди. Иллюминатордан ташқарига қараб ўтирган Ботир ўйга толган. Нигоҳи Тошкентнинг осмонўпар биноларига, бир-бирини қувиб кетаётган машиналарга, янги маҳаллаларда қўзиқориндек потраб ётган бетон уйларга тушса-да, хаёл кўзлари Каспий соҳилида ястаниб ётган Бокуни, унинг сершовқин кўчаларини кўрар, рассом Жалил Жамолзода ва унинг қизи билан бўлажак учрашувини тасаввур этар эди.
Жалил Жамолзода билан бир йил олдин Сочида, дам олиш уйида танишган. Аслида уларнинг танишувига Жамолзоданинг қизи сабабчи бўлган эди.
Ботир бунақа жойларга биринчи келиши. Нонушта қилади-ю денгизга чопади. Чўмилиб чиқиб, қумлоқда китоб ўқиб ётади. Аммо ҳар куни бир хил машғулот, гарчи у жуда завқли бўлса-да, одамни зериктиради. Аста-секин Ботирнинг ичи қизиди. Ўтган-кетгандан гурунглашай деса, бирон-бир киши билан яқинроқ танишгани йўқ. Кўпчиликнинг шериги бор. Ботирга ўхшаб ёлғиз юрганлар кам.
Бир куни тушликка бироз кечикиб келди. Ошхона эшигининг дастасига шундай қўлини узатиши билан эшик ичкаридан очилди-да, рўпарасида бир қиз пайдо бўлди. Шошиб келаётган Ботир бу соҳибжамолни кўриб тахтадай қотиб қолди. Унинг чаросдай қоп-қора кўзларини найза каби киприклари қўриқлаб турарди. Елкасини қоплаган сиёҳ сочлари шундай ярашган, шундай ярашган… Бу қадар гўзал, бу қадар ярашиқли сочни Ботир ҳали кўрмаган эди. Қиз унинг олдидан оҳу сингари сассиз-садосиз ўтаркан, нимадир деди. Ботир азбаройи гангиб қолганидан унинг сўзини англаёлмади – салом бердими, бошқа бир сўз дедими – билолмади. Бир қўли билан эшик тутқичини ушлаганча, унинг ортидан термилиб қолди. Устидаги жинси кўйлаги қоматини сумбатдай тутиб турар, Ботирга йўлакдан одам боласи эмас, ҳовлидаги сарвлардан бири оҳиста юриб кетаётгандай туюлди…
Стюардессанинг товуши унинг хаёлини бўлди: “Ҳурматли йўловчилар! Бизнинг самолётимиз Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Туркманистон территориялари, Орол ва Каспий денгизи устидан ўтади-да, Боку аэропортига қўнади”.
Ботирнинг чап ёнида ўтирган семиз киши унга гап қотди:
– Олдин ҳам борганмисиз СКАЧАТЬ