Хорижлик шериклар билан музокаралар иккита лойиҳа бўйича ишни бошлаш ҳақидаги ҳужжатларни имзолаш билан якунланди.
Меҳмонларни кузатгач, Комил ака Давроннинг қўлини олди:
– Раҳмат, Давронжон. Умрингиздан барака топинг. Худо хоҳласа, бу ишлар амалга ошиб, корхоналар ишга тушса қанча одам ишли бўлади, демак, уларнинг рўзғорига қут-барака киради. Маҳсулотларни экспорт қилсак, туманимизга, аҳолимиз чўнтагига пул тушади. Халқимиз бундай эзгу ишларни унутмайди. Кам бўлманг. Сиздан миннатдорман.
Давроннинг юзига қизиллик югурди. Хижолатомуз ерга қаради.
– Қўйсангиз-чи, Комил ака. Ҳаммаси сизнинг саъйҳаракатларингиз билан бўляпти-ку. Қолаверса, булар бевосита бизнинг ишимиз. Ахир шунинг учун маош оламиз, – деди кулиб. – Бизга ишониб шу вазифани топширган экан, демак, ишлашимиз керак-да…
– Тўғри, – деди Қаюмов унинг сўзини бўлиб. – Ҳаммаям маош олади. Лекин, афсуски, ҳаммаям шундай ўйламайди, шундай ишламайди-да. Мен биламан, сиз фақат лавозим тақозосига кўра ишламайсиз. Ҳар бир ишга чин дилдан, виждонан ёндашасиз. Шу элга бирон-бир нафим тегсин, деб ишлайсиз. Мени ана шу хурсанд қилади… Майли, Давронжон, сиз ишингизни давом эттиринг. Мени яна кўрадиган объектларим бор. Тепақишлоқ аҳолиси билан учрашишим керак. Қолган гапларни кечқурун гаплашамиз.
… Ҳоким соат тўққизга яқин қайтди идорага. Столида тахланиб турган ҳужжатларни, мурожаатларни бирма-бир синчиклаб кўра бошлади. Қаюмов баъзи раҳбарлар сингари ёрдамчиси ёзиб келган топшириқномага имзо қўйиб бермайди. Ҳар бир ҳужжатни, айниқса, одамлардан келган мурожаатларни диққат билан ўқийди. Кўтарилган масалаларни ҳал қилиш йўлларини қидиради. Шунга қараб ўзи топшириқнома ёзади.
Ёрдамчи бош мутахассис Холбой Бешимов келганини айтди. Қаюмов эшик тепасидаги соатга қаради.
– Ўҳу, соат ўн бир бўп қопти-ку. Кеч бўлганда нима зарур иши бор экан Холбойнинг, – деди.
– Билмадим… Менга айтмади, – деди ёрдамчи.
Ҳоким столда турган сигаретдан олиб тутатди. Шу билан бироз енгил тортгандай сезди ўзини. Аслида Қаюмовни чекувчи, деб ҳам бўлмайди. У ҳеч қачон ёнида сигарет олиб юрмайди, кўча-кўйда, машинада, айниқса, уйида СКАЧАТЬ