Раиснинг гаплари тобора Темир аканинг ҳафсаласини пир қила бошлади. Бу одам колхозга раис бўлиб келганида баъзи бировлар у-бу гапларни гапиришган, лекин Темир ака ишонмаганди. Одамларнинг одатдаги олди-қочди гаплари-да, деган хаёлга борувди. Раиснинг мана бу қилиқларини, муомаласини кўриб, ўша гаплар бекорга айтилмаганини сезди. Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди-ку.
Темир ака вазмин бўлишга ҳаракат қилар, аммо ичидан, кўксидан отилиб чиқаётган бир куч, туғён уни ўз ихтиёридан чиқиб кетишга, аччиқ-аччиқ гаплар айтишга мажбур қиларди.
– Инсофни мендан эмас, ўзингиздан сўранг, раис.
– Икки йилдан бери биринчи бўлиб бажарамиз, лекин тўртинчини олдинга ўтказиб юборасиз. Мен-ку майли-я, одамларга раҳмингиз келмайдими? Уларнинг бетига қаролмай қолдим-ку… Мадиёрди рапорти бўлса беринг, бир кўрай, кейин одамларга бориб айтай. Еб қўймайман-ку, ахир…
Раис иккала қўли билан столга бир уриб, ўрнидан турди. Унинг думалоқ, қип-қизил юзлари шолғом рангига кирди. Қовоқлари салқиб турган кўзлари айёрона қисилди.
– Менга қаранг, Темир ака, сиз бекордан-бекорга мени ёлғончига чиқаряпсиз. Буни оқибати ёмон бўлади-я!
Темир ака энди ўзини кулгидан тиёлмади.
– Кечирасиз-у, раис, ҳозир ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, бир-биримизни хафа қиляпмиз. Рапорт бўлса, кўрсатинг, вассалом. Кетаман. Бўлмаса…
– Бўлмаса-чи?
– Бўлмасами? Бўлмаса, мана менинг рапортим! Хабар беринг районга.
Раис столни айланиб ўтиб, гўё унга сирли бир гап айтадигандай яқинроқ келди. Бир қадар сокинлик, аммо қатъий ишонч билан деди:
– Тушунсангиз-чи, Темир ака. Мениям, ўзингизниям қийнаб нима қиласиз. Барибир сизнинг рапортингизни қабул қилишмайди. Мадиёр биринчи бўлиб бажариши керак. Ҳозир унинг келишини кутиб ўтирибман. Борди-ю, бугун келмаса, эртага азонда келади, районга хабар берамиз.
Темир аканинг ичидан бир нарса узилгандай бўлди. Кўз олди қоронғилашиб, сон-саноқсиз юлдузчалар пирпираб кетди. Бир ҳафта на уйқуни, на оромни билмагани, бутун бола-чақаси билан, ҳатто биринчи синфда ўқийдиган қизигача чиқиб пахта тергани кўз олдида жонланди. Улар ҳам умидвор бўлиб, йўлга термилиб ўтиришибди.
– Тушундингизми энди? – Раис Темир аканинг елкасига қўлини ташлади. – Юқоридан буйруқ шундай… Хафа бўлманг, сиз иккинчи бўласиз…
– Ахир бу қаллоблик-ку! – Темир аканинг товуши жуда хаста, секин чиқди.
Раис стол устидаги сигаретдан бир дона оларкан, ўзича Темир акага ачингандай бўлди:
– Иложимиз қанча. Юқорининг буйруғини бажармасак бўлмайди. – Гапини биров эшитиб қолишидан чўчигандай атрофга бир аланглади-да, Темир аканинг қулоғига шивирлади: – Биласизми, шу гап шу ерда қолсин-у, Мадиёр қаҳрамон бўлиши керак…
– Қаҳрамон?
– Секинроқ, СКАЧАТЬ