− Тушунарли, – дебди эри унинг ишига назар ташлаб. − Бу ишлар сенинг момиқ қўлларингга тўғри келмаслиги кўриниб турибди. Сават тўқишни эплолмасанг, мато тўқишга уриниб кўр-чи. Балки ҳеч бўлмаса шунга ақлинг ё уқувинг етиб қолар. Аввал ипни йигириб оласан, кейин газлама тўқийсан.
Малика ип йигириш чархига ўтирибди. Аммо дағал тола унинг бармоқларини қийиб юборибди ва қўлидан томган қонни кўриб, подшоҳнинг қайсар қизи йиғлаб юборибди.
− Бошга битган бало экансан! – дебди эри ҳам. − Ўзинг виждонан айт − бирор ишга ярайдиган хотинга ўхшайсанми?! Балки ҳеч бўлмаса бозорга бориб товоқ, хумча, кўзача ва шунга ўхшаш сопол буюмларни сотиб ўтирарсан? Кулолчилик растасида кўзингни пирпиратиб ўтирсанг кифоя. Харидорлар ўзлари идиш-товоқларни танлаб олиб, пулини тўлаб кетаверишади.
«Оббо, − ўйлабди малика, – агар бизнинг қироллигимиздан бирор киши бу шаҳарга келиб қолса, тўғри шаҳар майдонига бориб, кўрсаки, мен бу ерда идиш-товоқ сотиб ўтирибман!.. Ахир у менинг устимдан кулиб кетмайдими?!».
Аммо қирол қизининг бошқа иложи ҳам йўқ эди − ё очингдан ўласан, ёкигим ҳаммасига кўниб яшайсан… Ва малика кўнибди.
Аввалига савдо–сотиқ яхши кетибди. Кишилар гўзал сотувчининг идиш–товоқларини талашиб–тортишиб сотиб ола бошлабдилар, ҳатто нархига талашмасдан, сўраган пулини тўлаб, айримлар идишни ҳам олмай кетишармиш. Чунки улар шунчаки бир баҳона билан маликанинг ҳуснини томоша қилиш учун бу ёққа келишаётган экан. Сабаби − шу вақтгача бу томонларда маликалардай гўзал соҳибжамолни ҳали кўришмаган экан.
Барча косалар-у, тақсимча-ю, ликопчалар охирги донасигача сотилиб кетгунига қадар ишлари бароридан келиб турибди. Эртаси куни ҳам эри яна бир арава идиш-товоқ келтирибди. Қирол қизи бозор майдонига бориб овора бўлиб юрмаслик учун, катта йўлнинг ўртасига жойлашиб ўтириб олибди, атрофига барча мол-ашёларини териб, ёйиб қўйибди-да, сотувга тайёргарлик кўрибди. Бир пайт, аллақаёқдандир пайдо бўлиб қолган маст-аласт суворий ўзининг асов оти билан бурчакдан отилиб чиқибди. У тўғри сопол идишлар устидан босиб ўтибди ва ортидан булутдай чанг-тўзон билан бир арава сопол синиғини қолдириб кетибди.
Малика аччиқ кўз ёш тўкканча қолаверибди.
− Оҳ, энди бошим балога қоладиган бўлди! − у синган сопол бўлакларни бир ерга тўплар экан, қўрқувдан дағ-дағ титрармиш. − Эрим энди албатта таъзиримни беради!..
У шоша–пиша уйига югурибди ва юм-юм йиғлаганича бўлган воқеани эрига айтибди.
− Ахир эсли-ҳушли одам сопол идиш-товоқ билан бозорнинг растасига мол ёймасдан, шундоққина йўлнинг юзига бориб жойлашадими? – жаҳли чиқибди машшоқнинг. − Бўлар иш бўлибди! Қўлингдан умуман ҳеч қандай иш келмаслигига энди чинакамига ишонч ҳосил қилдим. Бугун эрталаб қирол саройига бориб, ошхоналарига идиш ювувчи керакми, йўқлигини сўрагандим. Идиш ювувчи кераклигини айтишди. Тайёргарлигингни кўр. Сени қасрга олиб бориб, ишга жойлаб келаман. У ерда ҳеч бўлмаса, қорнинг СКАЧАТЬ