– Айтингларчи, ўчоқ яқинидан сувли ариқ ўтганми?
– Ўтган, тақсир, ўтган.
– Ўчоқ билан ариқ оралиғи неча қадамча бор?
– Уч-тўрт қадам, тақсир, уч-тўрт қадам.
Домла почча хурсанд ҳолда хитоб қилди:
– Ана масаланинг ечими шунда экан, дея китобдан арабча узун жумлаларни ўқий бошлади, яъни ариқдан тоза ҳолда чиққач, бақа ўн қадамдан ортиқ йўл босса, оёғига бирор ганда илаштириб улгурар экан. Ўн қадамнинг бу ёғида бундай бўлмас экан. Чунки қозон атрофи беш-олти қадамгача қиртишлаб тозаланган бўладида. Шу сабаб уч-тўрт қадам сакраб бориб, қозонга тушган бақа бутунлай тоза бўлар экан.
Сўнг ўтириб, узундан-узоқ дуо қилди ва тўй эгасининг топган-тутгани ҳалол эканлигини таъкидлаб, тарқатилажак таомга барака тилади. Бирдан келган вакилларнинг юзлари ёришиб, кўзлари ёниб кетди. Тўй эгаси эса югуриб, кўчага чиқиб кетди ва машинадан домла поччага яхши ният билан олиб келинган каттакон тугун билан қайтиб кирди. Дуо қилиниб, оқ йўл тилангач, барчалари ошни тезроқ тарқатиш учун шошиб қайтиб кетишди.
ФАРЗАНД ФОЖЕАСИ
Тўрахон домла каби уламоларнинг мактаби улуғ мактаб бўлиб, бундай мактабларнинг ўрни халқимиз учун беқиёс даражада юқори эди. Афсус, домла мактабининг илдизи домла поччадан сўнг қуриди, ёлғиз қолган ўғлини мактаб ва жамоатчилик қўли билан динсизликка етакладилар. Оқибат у на отаси, на оиласи ва на ота-боболари удумларига садоқат кўрсатмади. Сабаб, у ҳам коммунистик ғоя қурбони бўлди. Бу тузум Тўрахон домлани қилмаган гуноҳлари учун кенжа ўғли маънавиятини бошқа изга солиб юбориш орқали ҳам қаттиқ жазолади.
Тўрахон домла жанозасида хонадон ва атроф кўчаларга одам сиғмай кетган эди. Шу тадбирда имомликка ўтган мулланинг сўзлари ҳеч ёдимдан чиқмайди.
– Аҳли биродарлар, – деган эди у, – Тўрахон домла бамисоли минг шамлик чироқ бўлиб, бутун атрофни ёритар эди, унинг нури узоқ-узоқларга етарди. У билим берувчи оддий маълумотли зиёлилардан жуда юқори савияда турувчи, Оллоҳнинг ўз бандалари учун белгилаб берган ҳаёт ўлчов ва мезонлари, ахлоқ ва маънавият тамойилларини кенг тарғиб этувчи чин маънодаги зиёкор эди. У зот аввало, Оллоҳ белгилаб берган ҳаёт қонунларига ўзининг чин садоқати билан кишиларни тарбиялаб келди. Бутун борлиғи билан сизу бизга ўз маслагига, ўз динига, ўз Китобига садоқат кўрсатишнинг намунаси эди. Бугун у кишининг ўлими биз учун улкан йўқотишдир, афсус, Тўрахон домла чироғининг ёқувчиси, у зотнинг давомчиси қолмади.
Имомнинг бу сўзлари узоқ вақт хотирамда михланиб қолган эди. Ҳақиқатда, ўтган йиллар давомида бу зотнинг ишини давом эттириб кетувчи инсон бизнинг ҳудудда пайдо бўлмади. Шу ҳам сабаб бўлган бўлса керак, кишилар ўртасидаги аввалги оқибат, бирликка путур етди, ёшлар тарбиясида ўзига хос дағаллашув сезила бошлади.
Маънавий тарбияда шундай жабҳалар борки, уларнинг фақат давлат томонидан тўғридан-тўғри бошқарилиши жуда мушкул, бунинг учун Ислом маданияти билан СКАЧАТЬ