Танланган асарлар: 1-жилд. Ўткир Ҳошимов
Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Танланган асарлар: 1-жилд - Ўткир Ҳошимов страница 22

Название: Танланган асарлар: 1-жилд

Автор: Ўткир Ҳошимов

Издательство: SHARQ

Жанр:

Серия:

isbn:

isbn:

СКАЧАТЬ чиққандек эди. Алимардон бир вақтлар саҳнада қай ҳолатда кўринишни орзу қилган бўлса, ҳозир худди ўша ҳолатда эди. У чуст дўппи, қора костюм-шим кийиб олган, оппоқ кўйлагининг крахмалланган ёқаси тагида чиройли ялтироқ галстук ёниб турарди. У бир вақтлар телестудияда илк бор қўлига ушлаб томоша қилганидан ҳам яхшироқ тор кўтариб турарди.

      Алимардон қошини бир оз чимириб жилмайди-да, оҳиста таъзим қилди. Зал яна гувуллаб кетди. Торнинг жозибадор янгроқ садолари кунгурадор шифтларга урила бошлагач, зал секин-секин тинчиб қолди. Алимардон ўзи басталаган янги қўшиқни айта бошлади. Чеҳрасида ҳамон ўша табассум билан завқланиб, юрак-юракдан эриб айтди.

      Қўшиқ тугаши билан зал яна денгиз тўлқинидай гувиллаб кетди. Алимардон оҳиста бурилиб кетаркан, тағин бир марта таъзим қилди. Аммо зал тинчиш ўрнига баттар тўлқинланиб, одамлар ўрнидан туриб кетди. Конферансье қиз уни қўлидан енгилгина тортиб, яна микрофон олдига етаклаб борди.

      – “Йигит қўшиғи!” – деди у жарангдор овозда.

      Зал сув қуйгандек жимжит бўлиб қолди. Алимардон яна ўша табассум билан, яна ўша завқ билан куйлади.

      Қўшиқ охирлаши билан шифтлар тағин ларзага келди. у бу сафар чуқур таъзим этди-да, парда орқасига ўтиб кетди.

      Конферансье навбатдаги артистлар номини эълон қила бошлаган эди, томошабинлар гувуллаб, тартибсиз қарсак чалиб юборишди. Зум ўтмай қарсаклар бир меъёрда такрорланувчи гурс-гурс этган овозга айланиб кетди. Одамлар навбатда чиқаётган хонандаларнинг пешанасига мих қоқаётгандай баравар қарсак чалишар, Алимардоннинг ўзини талаб қилишарди.

      Алимардон ҳаяжонланиб кетди. Конферансьенинг эълон қилишини ҳам кутмай, тез-тез юриб саҳнага чиқиб борди. Залга эмас, сутдек оқиш нур тўкиб турган қандилларга қараб янги қўшиқ бошлади.

      У олқишлар остида саҳна четига чиқиши билан Зуфар Ходиевичнинг ғазабдан чақнаган кўзларига тўқнаш келди.

      – Инсоф борми сизда? Санъаткорлик одоби борми?

      Алимардон индамади. Унинг кўзларига дангал тикилиб туриб, масхарали кулиб қўйди.

      Зуфар Ходиевич ўзини босиб ололмас, Алимардон бемалол жилмаяр, пастда эса зал ҳамон гувуллар, Алимардонни талаб қилиб қий-чув кўтарарди.

      Алимардон мана шу саҳна тез кунда бутунлай ўзиники, ёлғиз ўзиники бўлиб қолишини ҳозир аниқ билди.

* * *

      Алимардон саҳна чеккасида, оғир зангори бахмал парданинг тирқишидан зални кузатиб турарди. У ҳар сафар саҳнага чиқишдан олдин шунақа – бир чеккада туриб зални томоша қилади, кўнгли шодон туйғуларга лиммо-лим тўлиб кетади.

      Залдаги каттакон қандил ҳали ўчмаган, томошабинлар қаторлар ўртасидаги йўлакдан шоша-пиша ўтиб, ўз ўринларини қидиришарди, ҳали очилмаган саҳна томонга орзиқиб қараб-қараб қўйишарди. Улар ҳар хил: ёш, қари, эркак, аёл… Қандайдир бир ярим-икки йил ичида бутун ўзбекистонни ҳайратга солиб қўйган Алимардон Тўраевни кўришга, дилдор овозини эшитишга узоқ-яқиндан келган одамлар шулар.

      Алимардон мийиғида кулиб қўйди. СКАЧАТЬ