Муқаддам депсиниб уйғониб кетди. У ухладими, йўқми, билолмади, аммо ваҳимали бир туйғудан негадир вужуди титрай бошлади. Кўрпадан секин бошини чиқариб қулоқ солди. Ҳамон шамол увиллайди, қор учқунлари ҳамон зулмат қоплаган деразани савалайди. Бирдан ташқарида аллаким додлагандек бўлди. Муқаддам оёқ-қўллари бўшашиб, кўзларини катта-катта очганча, тахта бўлиб қолди. Бояги овоз тағин қайтарилди.
– Машина-ку, – деб пичирлади у қўрқув ичида, – уй орқасидан машина ўтяпти.
Шу ондаёқ кўча эшик қаттиқ тақиллади.
“Мардон акам!” – Вужудига ҳузурбахш илиқлик югурди. Алимардон акасининг занжирни тез-тез тақиллатишига ўрганиб қолган эди.
Муқаддам қушдай енгиллик билан сакраб турди, чироқни ёқди. Бошига Алимардон акасининг беқасам чопонини ёпганича айвонга чиқаркан, йўлакай девордаги соатга қараб олди. Соат миллари тўрт яримни кўрсатар эди.
Муқаддам ҳовлига тушган замони совуқ ҳаво нафасини қайтариб юборди. Калиши қорга тўлиб чиқди. Шу пайт эшик тағин қаттиқ тақиллади. У оёғининг игна санчиб ачишишига қарамай югурди. Тайғана-тайғана эшик тагига етиб келди.
– Ким? – деди ҳуркович оҳангди.
– Оч!
Муқаддам Алимардон акасининг овозини таниб, дарров занжирни туширди.
Алимардон энгашиб эшикдан кираркан, унга урилиб кетди.
– Ўлиб қолдингми? – Унинг оғзидан гупиллаб арақ иси келди.
“Ичибди!” – Муқаддам индамасдан эшикни тағин занжирлади.
Кетма-кет айвонга чиқишди. Алимардон телпагини ечиб, пальтосининг елкасига қўнган қорни қоқаркан, қошини чимириб Муқаддамга қараб қўйди. Унинг юзлари қизариб кетган, қисқа-қисқа нафас оларди.
– Битта чақирганда очсанг бўлмайдими? – деди у телпагини бурчакдаги диванга ташлаб.
Муқаддам унинг саволига савол билан жавоб берди:
– Тўйга бордингизми?
Алимардон унга елкаси оша қаради.
– Ҳа! Ёқадими?
Эрининг боя йўлакда айтган гапи Муқаддамнинг юрагини ўртаб юборган, икки йўл ўртасида ўтирган оғироёқли хотинига ўлимни раво кўргани ҳамон вужудини титратарди.
– Йўқ! – деди у овози титраб. – Ёқмайди!
– Ёқмаса… – Алимардон кинояли жилмайиб қошини чимирди. – Ёқмаса… Кета қол! Уйинг яқин…
– А?! – аламли бир ҳайқириқ Муқаддамнинг бўғзига тиқилиб қолди. Кўзлари бирдан жиққа ёшга тўлди. Титроқ қўллари билан эрининг бўйнига маҳкам осилиб йиғлаб юборди. – Қайтариб олинг сўзингизни… Жон Мардон ака, қайтариб олинг!..
Яна бир неча дақиқадан кейин у эрининг забардаст елкасидан маҳкам СКАЧАТЬ