Чарчоқ, ҳадик ва уйидан шунча узоққа келиб қолган одамнинг ташвиш ҳислари аста чекина бошлайди. Саёҳатим ўз хосилини беришига кун сайин ишончим ортмоқда. Ж. ҳақ эди: бир жойда қотиб қолиш – оғу. Душ терини тозалайди, овқат танани озиқлантиради, узоқ ёлғиз саёҳатлар эса руҳни қувватлайди.
Энди ҳаётимда ўзгаришлар бошланмоқда: шошилмай, асталик билан бўлса-да ҳаётим ўзгармоқда. Овқат устида дўстлар билан суҳбатдан баҳра оламан, сайр вақтида ҳозирим тўғрисида ўйларга чўмаман. Тушаётган сув эса беҳуда хаёлларни олиб кетади. Агар белгиларнинг асл маъноси билан қабул қилишни ўргансак, шунақа арзимасдек кўринган нарсалар ҳам бизни Яратганга яқинлаштиришга қодир аслида.
Ж. менга одатий ҳаёт тарзидан воз кечиб, ўз оламимни излашга киришиш вақти келганлигини айтганда довдираган ва ўзимни тушкун ҳис қилгандим. Чунки шубҳа-гумонларимга тайёр жавоб ёки қарор деймизми, хуллас, мени тинчлантирадиган, руҳий ҳаловатга эришишимга ёрдам берадиган бир нималар керак эди. Сафарга отланганлар ўз оламлари ўрнига шунчаки янги чорловлар, чексиз умидлару кутилмаган ўзгаришларни топишган, холос. Ёки ундан ҳам ёмони, ҳеч нимага эришишмаган.
Йўқ, ошириб юборяпман. Агар бир нимага интилсанг, у ҳам сенга интилади.
Нима бўлганда ҳам, ҳар нарсага тайёр бўлиш керак. Шунинг учун лозим бўлган қарорни қабул қиламан: бу саёҳатда ҳеч нарсага эриша олмасам ҳам, изланишда давом этаман. Чунки Лондондаги меҳмонхонада тушундим: илдизларим етарлича ўсган бўлса-да, англаб олиш жуда мураккаб, ундан шифо топиш эса ундан ҳам қийин бўлган бир нималар руҳимни аста ўлдирмоқда.
Кундалик ташвишлар.
Кундалик юмуш ва такрорлаш бошқа-бошқа нарсалардир. Ҳар қандай ишда мукаммалликка эришиш учун машқ қилиш, бажариш усулингиз нафас олишдек табиий чиқмагунча такрорлаш ва такрорлаш керак бўлади. Буни мен болалигимдаёқ, оиламиз билан ёзни ўтказган Бразилиянинг кичик бир шаҳарчасида билиб олганман. Қўшни уйда яшаган темирчининг иши менда ҳаммадан кўпроқ таассурот қолдирганди. Унинг оғир болға билан қизиган темир парчасига уришини ва атрофга сачраган учқунларни соатлаб кузатардим. Бир сафар темирчи мендан сўради:
– Мени доим бир ишни такрорлайверади, деб ўйлаётгандирсан, шундайми?
– Ҳа.
– Аслида эса бундай эмас. Ҳар бир зарбани бир хил куч билан берилмайди. Бир марта бор кучинг билан урсанг, кейингисида сал тегиб қўясан. Лекин буни ўрганиш учун узоқ йиллар бир хил ишни такрорлайверишга тўғри келган. Кейинчалик қилаётган ишимни ўйлашнинг ҳам ҳожати қолмади, қўлим ўрганиб кетди.
Бу сўзлар хотирамга муҳрланиб қолган.
РУҲЛАР БЎЛИНИШИ
Китобхонларимнинг ҳар бирига диққат СКАЧАТЬ