Бироз дам олиб, дўстлар билан кечки овқатни тановул қилгач яна шаҳар бўйлаб сайрга отланамиз. Фақат бу сафар Кристина кун бўйи ҳис қилганларини тушунтиришни бошлайди:
– Сен сафарда юрганинг билан уйдан чиқа олмаяпсан. Биз бирга эканмиз, шундай давом этаверади. Чунки ёнингда сени яхши биладиган одам бор ва бу хотиржамлик туйғусини сингдириб боради. Энди сафарингни ёлғиз давом эттиришинг керак. Эҳтимол, чидаб бўлмасдек кўринган ёлғизлик сени қийнар, аммо бу туйғу бошқалар билан яқинроқ мулоқот қила бошлаганингда асталик билан йўқолиб боради.
Бироз тин олгач, у давом этади:
– Қаердадир ўқигандим, юз минг дарахтли ўрмонда бир хил япроқ учрамас экан. Икки киши бир Йўлдан боришса-да, уларнинг манзиллари алоҳида. Умумий қарашларимизга мослашишга уриниб, бирга бўлишда давом этар эканмиз, ҳеч қайсимиз муваффақиятга эриша олмаймиз. Шундай экан, сен билан хайрлашаман. Германияда учрашамиз, футбол бўйича жаҳон чемпионатининг биринчи ўйинида.
СОВУҚ ШАМОЛ ЭСГАНДА
Ноширим ва муҳарририм билан Москвадаги меҳмонхонага келганимизда кираверишда мени ёшгина аёл кутиб турарди. У олдимга келиб тортиниб ўтирмай қўл бериб сўрашади.
– Сиз билан гаплашиб олишим керак. Шуни деб атайин Екатеринбургдан келдим.
Мен чарчаганман. Тўғридан-тўғри рейс бўлмагани учун одатдагидан эртароқ турганман ва Парижда алмашишга тўғри келганди. Самолётда мизғишга уриндим, лекин ҳар сафар кўзим илиниши билан ўша бир хил ёқимсиз ва зерикарли тушга дуч келавардим.
Ноширим дастхат-сессия эртага бўлишини, бундан ташқари уч кундан сўнг Екатеринбургга боришимизни тушунтиради. Мен хайрлашиш учун қўлимни узатаман ва қизнинг бармоқлари муздеклигидан ҳайрон бўламан.
– Нега мени ичкарида кута қолмадингиз?
Аслида ундан мен тўхтайдиган жойни қаердан билганини сўрамоқчи эдим. Бироқ бу унчалик қийин масала эмас: бунга ўхшаш ҳодисалар аввал ҳам бўлган.
– Тунов куни сизнинг блогингизни ўқидим ва айнан менга мурожаат қилаётганингизни тушундим.
Интернетдаги блогимда йўл хотираларимни қайд қилиб борардим. Бу ўзига хос синов бўлиб, унда воқеалар кетма-кетлигига амал қилмасдим. Энди бўлса, айнан қайси ёзувларимни назарда тутаётганини билолмай ҳайронман. Нима бўлганда ҳам, блогдаги ёзувларимда ҳозир илк бор кўриб турган одамимга мурожаат қилишим мумкин эмасди.
Нотаниш қиз варақ узатади, менинг хотираларимдан чоп қилиб олингани. Бу ҳикояни илк марта қаерда эшитганимни эслолмасам-да, уни ёддан биламан: Али исмли одам муҳтож бўлиб, бир савдогардан қарз сўрайди. Савдогар баҳс таклиф қилади: тунни тоғ чўққисида ўтказа олсанг, кўп пул оласан, эплолмасанг, менга текинга ишлаб берасан. Воқеанинг давоми шундай:
У кўчага чиққанда совуқ шамол эсарди. Қайғуга ботган Али дўсти Ойдиннинг ёнига йўл олди ва бу шартга кўниб аҳмоқлик СКАЧАТЬ