Олдимизга болгариялик ношир аёллар келишган лаҳзада мен Ж. ни ёнимда тургандек ҳис қилдим ва шу онда унинг нима демоқчи бўлганини тушундим (аммо ички сезги менга аввалроқ – зерикишдан боғдорчилик ҳақидаги журнални варақлаб ўтирганимда келганди). Узлатга чекиниш менга ўй-хаёлларимни тартибга солишда ёрдам берди. Аммо бунинг иккинчи томони ҳам бор – юракни эзадиган ёлғизлик. Менинг оламим кам сонли дўстлар ҳамда электрон почтадаги ёзишмалар билан чекланарди ва умримнинг қолган қисми фақат ўзимга тегишли, деб ўйлардим. Бундай ҳаёт тарзида ўзгалар билан мулоқот қилиш оқибатида юзага келадиган муаммоларга ўрин қолмайди.
Наҳотки менинг излаганим мана шу: чақирувларга ўрин бўлмаган ҳаёт. Бошқалардан ўзни олиб қочиб, Худони топиш мумкинми?
Кўпчилик шундай йўл танлайди. Бир сафар Непалда одамлардан буткул узилган ҳолда йигирма йилни ғорда ўтказган монах аёл билан ҳазиломуз суҳбат қургандим. Унинг бу билан нимага эришганини билишга қизиқдим. “Руҳий лаззат”, деб жавоб берганди. “Лаззат олишнинг бошқа қулайроқ йўллари ҳам бор”, дегандим ўшанда кулиб.
Бу менинг йўлим эмаслиги тайин; унга ҳеч қачон қадам қўймаган бўлардим. Бутун умримни руҳий лаззатга, боғимдаги эманни томоша қилиб Яратганнинг марҳаматини кутиб ўтиришга сарфлай олмайман. Ж.га бу аён. У мени ўз-ўзимни топиш учун борадиган йўлим харитасини ўзга инсонлар кўзидан қидириб топишим учун сафарга йўллаган.
Рус ноширлардан узр сўраб, Моникада гапим борлигини тушунтираман ва португалчада гап бошлайман:
– Бир одам қоқилиб, чуқур ўрага тушиб кетибди. Ўра олдидан руҳоний ўтибди. Чуқурдаги одам ундан ёрдам сўрабди. Руҳоний уни дуо қилиб, ўтиб кетаверибди. Бир муддат ўтгач доктор ўтибди. Жабрдийданинг илтижосига жавобан бир қараб қўйиб, унга дори ёзиб берибди ва яқин орадаги дорихонадан сотиб олишни буюрибди. Ниҳоят яна бир нотаниш кўринибди. Асир ёрдам сўрабди ва нотаниш унинг ёнига сакраб тушибди. “Нима қилиб қўйдинг! Энди иккимиз ҳам бу ердан чиқа олмаймиз!” Нотаниш эса: “Мен шу яқин орада яшайман ва бу ердан қандай чиқишни биламан”, – деб жавоб берибди.
– Хўш, бу нимани билдиради? – сўрайди Моника.
– Менга ҳам шунақа нотаниш кераклигини. Менинг илдизларим етарлича ўсди. Энди кўкка бўй чўзиш учун бошқаларнинг ёрдами керак. Нафақат сенинг, Ж. нинг ёки рафиқамнинг, балки ҳали мен учратмаганларнинг ҳам. Бунга ишончим комил. Мана нима учун дастхат-сессиялардан сўнг зиёфат уюштиришни сўраяпман.
– Доим бир нималар бошлаб юрасан! – дейди Моника норози оҳангда.
– Шунинг учун ҳам севасан-да мени, – табассум қиламан жавобан.
Ресторанда турли мавзуларда гаплашамиз, муваффақиятимизни нишонлаймиз ва ҳамкорлигимизни муҳокама қиламиз. Китобга оид гаплар фақат Мониканинг ваколатига киргани боис суҳбатнинг кўп қисмида жим ўтираман. Яна ўша савол янграйдиган вақт ҳам етади:
– Пауло СКАЧАТЬ