Название: Танланган асарлар: Қиссалар
Автор: Чингиз Айтматов
Издательство: SHARQ
isbn: 978-9943-6609-8-4
isbn:
– Бу нима қилганингиз?
Исмоил жавоб бермай Саиданинг қўлидан ушлаб:
– Юр, ўғлимни кўрсат! – деди.
Ҳар кун оқшом юлғун аралаш кўм-кўм чий ва қамишзорлар билан қопланиб ётган кенг даладан Саида якка ўзи ўтин кўтариб келарди. У сойма-сой, қирмақир, ўнқир-чўнқирлардан юриб ўтиб, овулнинг устига етганда, тепаликка ўтириб олиб, сўнгги бор дам оларди. Кўкраклари аралаш танғиб олинган арқон ҳалқасини бўшатиб, юзидаги терини сидириб ташларди-да, гавдасини ёзиб, орқасидаги ўтин ғарамига суянганича бир зум қўзғалмай ўтирарди. Атроф туман, овул кўчаларида кетаётган араваларнинг тарақ-туриғи ва нари-бери ўтиб турган йўловчиларнинг гангир-гунгур овозлари эшитилиб турарди. Ғир-ғир эсаётган майин шабада қовурилган жўхори ҳидини аҳён-аҳёнда димоққа келтириб урарди.
Саида бу сафар дам олишга улгурганича йуқ эди, пастликдан паровознинг қичқирган овози янграб, катта куч билан дара томонга бирин-кетин чувалашиб ўтиб бораётган поезд вагонлари элас-элас кўзга чалиниб қолди. Саида паровоз қичқириғини эшитиши биланоқ ўзининг тепаликда ўтирганини пайқаб, атрофга аланглаб қаради-да, шошилинч равишда арқонни яна қайта тортиб боғлади. Паровознинг гудоги Исмоилнинг тунов кунги эшелондан тушиб қолиб, тунда қочиб келганини эслатиб, унинг кўнглини ғаш қилган эди.
Саида кўчага яқинлашиб бораркан, йўлда бирон кимса йўлиқиб қолишидан хавотирланар ва: “ойдин кечалар тезроқ ўтиб кетса-чи!” деб ўзича кўнглидан ўтказарди. Шундагина ҳар қандай шубҳалардан қутулар, Исмоилга овқат ҳозирлаш учун кунига ўтинга қатнашдан озод бўларди. Хотин-халажлар ўтин бор ерга бизни ҳам олиб борасан деганларида, Саида уларга лом-мим демасди. Ҳаммани қўйиб, уларни ғорга эргаштириб бориб бўлармиди! Исмоил ўша ерда эмасми, Худо асрасин, агар улар бирон нарсадан хабар топиб, шубҳаланиб қолсаларми! Исмоил кундуз кунлари ғорда ётиб, ойсиз қоронғи тунларда яширинча уйга қайтарди. У уйга келган пайтларда ҳам деразаларни маҳкамлаб, эшик илгагини ичидан илиб ўтиришарди. Ҳар эҳтимолга қарши Саида сўрининг остидан ўра қазиб, унинг устини чий ва кигиз билан беркитиб, тайёрлаб қўйган эди.
Улар шу зайлда ҳаёт кечирар эдилар. Чала-чулпа эшитган қулоқлари овда бўлиб, кампир онаси бўлар-бўлмасга атрофга аланглаб, жияги қизил, хиралашиб қолган кўзлари билан ўғлига ачингандек ғамгин термилиб: “Эҳ, болам, шўрлик болам!” дегандек хўрсиниб йиғламсирар эди.
Исмоил овулда нима гаплар кетаётганлигини сўраб қўяр, ёки бўлмаса кўпинча чарчаган кишидек, бошини қуйи солиб, ўйлаш нима эканлигидан ҳали йироқ бўлган уч ойлик боласини қўйнига олиб, қаршисидаги қозонга, қачон қайнар экан, дегандек термилиб, қовоқ осиб ўтирарди. Ёруғ тушмасдан ўз ўрнига етиб олсин учун унинг овқатини эртароқ бериб жўнатиш зарур эди. Саида ўчоқ бошида ўралишиб юраркан, эри томонга лутфан қараб олиб, ўзича турли хаёлларга бериларди. У Исмоилга ачинар, ундан айрилиб, етимесир бўлиб қолмасак эди, деб қўрқарди. Ёруғликка чиқмай ғорда ётаверганидан Исмоилнинг ранг-рўйи синиқиб шишиб кетган, иякларидаги ўсиб кетган соқоллари ҳам тикандек диккайиб турарди. Унинг кўзлари гоҳ айбдор кишидек СКАЧАТЬ